Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов воҳани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги ташаббус ва ғояларни жорий этишда турли соҳаларда хизмат қилаётган илғор тажриба ҳамда билим эгалари, нуронийлар ҳамда ёшларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Очиқ мулоқотда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилган қатор муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Мазмунли ва самарали учрашув якунида вилоят тараққиёти учун устувор бўлган бешта йўналиш аниқлаб олинди.

Вилоят раҳбари мутасаддиларга икки ҳафтада бир марта интеллектуал фаоллар ва фахрийлар иштирокида мазкур устувор йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишлар ижросини муҳокама қилиш механизмларини жорий этиш вазифасини топширди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат, ишлаб чиқариш, геология, туризм, тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқиш, бу жараёнга илм-фан ва амалиётда тажриба тўплаган олимлар, энг тажрибали мутахассислар ҳамда интеллектуал ёшларни жалб этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири.