ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов хитойлик инвесторлар вакиллари ҳамда вилоят тадбиркорлар Кенгаши аъзолари билан учрашди.
Вилоят секторлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тижорат банклари ва дахлдор идоралар мутасаддилари иштирокидаги тадбирда 2024 йил учун мўлжалланган хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалари хусусида сўз борди.
Дастлаб айни пайтда тижорат банкларида мавжуд хорижий кредитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Сўнг тадбиркорларнинг банк ва бошқа соҳалар билан боғлиқ масалалари батафсил ўрганилди.
[gallery-15715]
Вилоят раҳбари тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни тинглаб, уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Муҳокамада шаҳар ва туманларнинг 2024 йил учун чет эл инвестицияларини ўзлаштириши ҳолати, ҳудудларда фаолият юритаётган хорижий корхоналарнинг бугунги кундаги муаммолари ва уларнинг ечимлари атрофлича таҳлил қилинди. Бу борада ҳокимларнинг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, Наманганда фаолият юритаётган Хитой компаниялари иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти ўрганилиб, ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Якунда вилоят прокурори У. Мадраҳимов ҳамда ИИБ бошлиғи Ш. Алиев тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда қонун устуворлигини таъминлаш ҳақида тўхталди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА