Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерациясининг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган маросимда Миллий гвардия Самарқанд вилоят чавандозлар мактабини қўллаб-қувватлагани ҳамда спортчилар эришган ютуқлари учун ташаккурнома олди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда вилоятда миллий спорт турларини ривожлантириш, жумладан, чавандозлар тайёрлаш тизимини мустаҳкамлаш ва бунинг учун замонавий инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида спорт муассасалари, жумладан, чавандозлар мактаби моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Самарқандлик спортчилар республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритмоқда.
Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда Миллий гвардия масъуллари ташаккурномани вилоят раҳбарига топшириб, Самарқанд от спортини янада ривожлантириш юзасидан ўз таклиф ва ташаббусларини билдирдилар. Ўз навбатида А.Бобоев 2026 йилда ҳам вилоятда спортнинг барча турлари қатори йилқичилик ва от спорти федерацияси фаолияти ҳам қўллаб-қувватланишини билдирди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири