Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Шаҳрихон туманида ҳунарманд, шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан мулоқот ўтказди.
Аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Айниқса, аёлларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорликка жалб этиш орқали даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур учрашув ҳам айни мақсадларга хизмат қилди.
Айни кунда Шаҳрихон туманида 249 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улардан 149 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Мулоқотда аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, лекин бу борада туманда ҳали қатор муаммолар мавжудлиги айтилди.
Маълумки, Шаҳрихонда ҳунармадчилик анча ривожланган. Пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш сингари қатор ҳунармандлик йўналишларида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Ана шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
[gallery-1387]
Жорий йилда маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар натижасида тумандаги 3 минг 476 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилди. Уларнинг 1 минг 852 нафари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун банкдан кредит олиш истагини билдирган.
Мулоқотда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, АТ Халқ банки вилоят ҳудудий филиали, Шаҳрихон туман ҳокимлиги мутахассислари томонидан туманда кредит олиш истагидаги 528 нафар ҳунарманд хотин-қизга 2 миллиард 640 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилиши таъкидланди. Шунингдек, мазкур маблағлар босқичма-босқич берилиши, уни мақсадли сарфлаш ва қайтариш юзасидан маълумот ва тушунчалар берилди.
Учрашув давомида вилоят ҳокими ўз тадбиркорлигини бошлаш ва кенгайтириш арафасида турган юз нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ҳисобидан 5 миллион сўмдан нақд пул топширди.
– Мен ўз хонадонимда тикувчилик билан шуғулланаман, – дейди Шаҳрихон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мадинахон Оталиқова.
– Икки нафар шогирдим билан иш юритаман, асосан аёллар либосларини тикиб сотамиз. Фаолиятимни кенгайтириш мақсадида кредит олиш учун мурожаат қилган эдим. Менга кредит ажратиладиган бўлди. Вилоят ҳокими бериладиган кредит ҳисобидан 5 миллион сўм нақд пул бергани эса менга ёрдам бўлди, албатта. Энг муҳими, мен маҳалламиздаги ишсиз ёшлардан яна икки нафарини шогирд қилиб ёнимга оламан. Уларга ҳунар ўргатаман, тикувчилик билан мустақил шуғулланишларига ёрдам бераман.
Мулоқот давомида хотин-қизларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 15 нафар аёлга соғлигини тиклаши учун имтиёзли йўлланма берилди. Шаҳрихон туман ҳокимлиги эса қийин шароитда яшаётган 4 нафар аёлнинг уй-жойини ҳомийлик асосида таъмирлаб берадиган бўлди.
Вилоят ҳокими Шаҳрихонда аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),