Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев вилоятда фаолият юритаётган олий ўқув юртлари ректорлари ва бошқа масъуллар билан учрашув ўтказди. Унда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда олий таълим муассасаларида талабаларни спорт турларига жалб қилиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Битирувчиларни иш билан таъминлаш, уларни меҳнат бозори талабларига мос малакали мутахассис этиб тайёрлаш масаласи ректорларнинг доимий эътиборида бўлиши зарурлиги таъкидланди.
– Ёшларимиз мактабдаёқ битта хорижий тил ва бирор касб-ҳунарни ўрганиши бугун замон талабига айланди – деди А.Бобоев. – Олий таълим муассасасида эса бу талаб икки карра ошиши керак, яъни талаба эртага маълум бир йўналиш бўйича мутахассислик дипломини олганида унда хорижий тиллар ва бирор ҳунар бўйича кўникма бўлиши зарур. Бунинг учун барча университет ва институтларда талабаларнинг хорижий тиллар ва замонавий касб-ҳунарларни ўрганиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароит яратиш керак. Айниқса, талабаларнинг инновацион лойиҳа ва стартапларини рағбатлантириш, уларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш орқали даромадли фаолиятга йўналтириш лозим.
Вилоят ҳокими масъуллар олдига ҳар бир олий таълим муассасасида амалий натижа берадиган тизимли ишларни ташкил этиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
Учрашувда ректорлар ҳам муҳокама этилган масала юзасидан ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири