Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Самарқанд шаҳрида ўзига бириктирилган маҳаллаларда истиқомат қилувчи оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда ёшларнинг муаммолари, уларни қийнаётган масалалар ҳамда келгусидаги режалари атрофлича муҳокама қилинди. Йигит-қизлар бандлик, таълим олиш, тиббий ёрдам, касб-ҳунар ўрганиш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш масалаларида вилоят раҳбарига мурожаат қилди.

Жумладан, Тошкент давлат транспорт университетида сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган иккинчи курс талабаси Олег Старков ишга жойлашишда ёрдам сўради. Вилоят ҳокими тегишли масъуллар билан фикрлашиб, унинг мурожаатига шу ернинг ўзида ечим топилди. Олег ўқиётган таълим йўналиши бўйича Самарқанд темирйўл вокзалида ишга жойлаштириладиган бўлди.
Сабина Ражаббоева саломатлиги билан боғлиқ масала юзасидан мурожаат қилиб, ўтказилиши зарур бўлган жарроҳлик амалиёти харажатларига ўзининг маоши етмаётгани сабабли, буни қоплаб беришда кўмак сўради. Бу масалада унга ёрдам берилиши айтилди.

Учрашув давомида ишга жойлашиш, тил ўрганиш ва ўқув марказларида таҳсил олиш бўйича ҳам ёшларнинг мурожаатлари эшитилди. Ҳар бир мурожаатда қайд этилган муаммо ва масалаларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
– Ҳеч бир ёшнинг муаммоси эътибордан четда қолмайди, уларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини ошириш ишлари давом эттирилади, – деди учрашув якунида вилоят ҳокими А.Бобоев. – Шунингдек, ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш, имтиёзли кредит ва субсидия ажратиш, бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун имконият яратиш доимий эътиборда бўлади. Барча раҳбарлар оталиққа олган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятда муносиб ўрнини топишига кўмаклашишни энг муҳим вазифаларидан бири деб билиши керак.
Мулоқот якунида ёшларга китоб ва ноутбуклар туҳфа қилинди.


Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари