Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоят ҳокими кўмир қазиш лойиҳалари ва газ конидаги ҳолатни ўрганди
08:59 / 2025-11-07

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Бойсун туманида бўлиб, тоғ-кон саноати корхоналарининг кўмир қазиб олиш лойиҳаларида олиб борилаётган ишлари билан танишди.

Туманда “Бойсун кўмир” масъулияти чекланган жамияти умумий қиймати 50 миллион долларлик йирик лойиҳани амалга оширмоқда. Бу маблағнинг 45 миллион доллари хориж инвестицияси бўлиб, лойиҳа кўмир қазиб олиш ва уни саноат усулида қайта ишлашга йўналтирилган.

Тақдимот чоғида саноат тармоқлари учун мўлжалланган кўмирни қазиб олиш, ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида “Шарғункўмир” акциядорлик жамияти ва Олтинсой туманида “Турон Эко Кўмир” масъулияти чекланган жамияти замонавий технологиялар асосида юқори калорияли қаттиқ ёқилғи қазиб олмоқда.

Тақдимот якунида вилоят раҳбарига “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидаги вазият ва содир бўлган техноген ҳолатни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар хусусида ахборот берилди. Бойсунга хорижнинг энг тажрибали мутахассислари жалб этилиб, ҳамкорликда вазиятни барқарорлаштириш ечими ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири