Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоят ҳокими Кенгашга ҳисобот берди
13:18 / 2025-11-12

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Вилоят ҳокимининг қайд этишича, 9 ой якуни билан вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,5 триллион сўм (107,7 фоиз)ни ташкил этди. Бунда саноат ҳажми 7,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги 3,9 фоиз, хизматлар ҳажми 14,1 фоиз ва қурилиш ҳажми 22 фоиз ўсиши таъминланди. Йил якуни билан ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,1 фоизга, саноат 7,1, қишлоқ хўжалиги 4,1, хизматлар 14,5 ва қурилиш ишлари 17 фоизга ўсиши кутилмоқда. 

Умумий бюджет даромадлари 4,7 триллион сўмга (106,4 фоиз), маҳаллий бюджет даромадлари эса 4,6 триллион сўмга (108,8 фоиз) ёки 373,5 млрд. сўм орттириб бажарилди.

– Бугунги ислоҳотларнинг асосий мазмуни ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўлиб, ўтган даврда 294,7 минг ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди, – деди А.Бобоев. 

– Натижада ишсизлик даражаси йил бошидаги 5,4 фоиздан 4,8 фоизга қисқарди. Бунда асосан инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 15,8 минг, тадбиркорликни ривожлантириш натижасида 202,7 минг, қишлоқ хўжалигида 64,3 минг ва қурилишда 11,9 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг ваучер тизими асосида 5 мингдан ортиқ аҳоли 35 турдаги касб-ҳунар ва хорижий тилга ўқитилди ва ишга жойлаштирилди. Маҳаллаларда аниқланган 17,3 минг нафар ишсиз фуқаролар билан 4 томонлама шартномалар имзоланиб, 11,7 минг нафарининг бандлигини таъминлашга эришилди. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун қарийб 2 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Ажратилган кредитлар ҳисобига маҳаллаларда 37 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 77 мингта янги иш ўрни яратилди. Хорижда паст даромад топаётган 120 минг нафар фуқароларни қайтариб, 73 минг нафари даромадли иш билан таъминланди.

Умуман йил якунига қадар барча имкониятларни сафарбар этган ҳолда 320 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 5,4 фоиздан 4,5 фоизга қисқартирилади.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 36,7 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 7,5 фоиздан 4 фоизга тушириш кутилмоқда.

Иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган 104 та лойиҳа ҳисобига 1,1 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 954,2 миллион долларлик 770 та лойиҳа амалга оширилиб, 14 минг 765 та янги иш ўрни яратилди. Вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида жорий йилда экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш белгиланиб, йилнинг ўтган даврида 713,8 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга чиқарилди. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошди.

Вилоятнинг асосий драйвер соҳасига айланаётган туризмни ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар натижасида 9 ойда Самарқандга 2,6 миллион нафар хорижий ва 5,1 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди. Туризм хизматлари экспорти 538,2 миллион долларни ташкил этиб, 79 фоизга ошди. Жорий йилда 194 та меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, уларнинг сони 822 тага етди. 63 та янги туризм компанияси фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 
452 та тага етказилди.

– Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалиги соҳаси аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ва экспортни оширишда муҳим ўрин тутади, – деди А.Бобоев. – Ўтган 9 ой давомида вилоятимизда 632 минг тонна картошка, 1,4 миллион тонна сабзавот, 112,9 минг тонна полиз, 344,9 минг тонна мева ва резаворлар, 567,2 минг тонна узум, 245 минг тонна гўшт, 1,1 миллион тонна сут ва 1,2 миллиард дона тухум етиштирилди. 6,1 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди. Биргина Нуробод туманида 1440 гектар лалми ер майдонларини суғориладиган ерлар тоифасига ўзгартириш ҳисобига “Сариқул мега агро” МЧЖ томонидан картошка ва сабзавот етиштириш йўлга қўйилди. Бугунги кунда 750 гектар майдон сув тежовчи технологиялар асосида ўзлаштирилиб, 150 гектар майдонда картошка экилди. Аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида вилоятда 2025 йил ҳосили учун 90,6 минг гектар майдонида такрорий экинлар экилди.

Вилоят ҳокими ўз ҳисоботида, шунингдек, қурилиш, таълим, тиббиёт, спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, аҳолини ижтимоий муҳофа қилиш, ёшлар сиёсати бўйича ҳам батафсил маълумот берди.

Сессияда депутатлар ҳисобот юзасидан ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича вилоят ҳокимига мурожаат қилиб, саволларига жавоб олдилар.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА