Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоят ҳокими бошчилигидаги мутасаддилар уруш фахрийлари хонадонида
07:29 / 2022-03-22

Наврўз байрами муносабати билан Фарғона вилоятида яшовчи 29 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳолидан хабар олинди, уларга давлатимиз раҳбари номидан байрам совғалари топширилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Лутфулла Бузруков, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят мудофаа ва хавфсизлик тизимлари раҳбарлари Тошлоқ туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Файзулло ота Эминов ҳамда Риштон туманида яшовчи Абдулҳай ота Азизов хонадонларида бўлиб, отахонлар ва уларнинг оила аъзоларини Наврўз айёми билан табриклади. 

Файзулло ота бу йил 97 баҳорни қаршилади. У 17 ёшида минглаб ўзбекистонликлар қатори қўлига қурол олиб, фашизмга қарши курашди. Урушдан сўнг 50 йилдан зиёд бригадирлик қилди, турмуш ўртоғи Мелихон ая билан 6 ўғил, 3 қизни тарбиялади. Ҳозирда отахон 100 дан зиёд набира-ю, чевара-эваралар қуршовида бугунги тинч-осойишта ва фаровон ўтаётган ҳар бир кун учун шукроналар айтиб яшамоқда.

98 ёшни қаршилаган Абдулҳай ота Москва остоналарида бўлган жангларда иштирок этган. Урушдан қайтгач, 53 йил халқ таълими соҳасида меҳнат қилган, соҳа ривожига қўшган катта ҳиссаси учун қатор орденлар билан мукофотланган. 3 ўғил, 4 қизни тарбиялаб уйли-жойли қилди. Бугун эса невара-ю чеваралар бағрида умргузаронлик қилмоқда.

Ўз уруш хотиралари, ўтган даврларнинг қийинчиликлари, ҳаёт тажрибалари ҳақида вилоят ҳокимига сўзлаб берган отахонлар, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш кераклигини таъкидлашди. Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик учун миннатдорлик билдиришди.

 

М. Сулаймонов, ЎзА