Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти битирувчи талабалари билан учрашди.
Мулоқот давомида вилоят раҳбари мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, айниқса, уларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
[gallery-7612]
Шу ўринда таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ёшларнинг олий таълимга қамраб олиш, малакали мутахассис бўлиб етишишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина Андижон вилоятида бундан 2 йил аввал тўртта олий ўқув юрти бўлиб, уларда 25 минг нафар талаба таҳсил олган бўлса, бугунги кунда вилоятда 8 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 50 минг нафарга яқин талаба ўқимоқда. Вилоятдаги олий ўқув юртларида талабаларнинг ўқиб, пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган.
Мулоқотда жорий ўқув йилида мазкур институтни 15 та таълим йўналиши бўйича тамомлаётган 420 нафар талабани ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масаласи атрофлича муҳокама этилди. Очиқ, самимий тарзда ўтган мулоқотда вилоят ҳокими битирувчи ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди. Учрашув сўнггида мутасаддиларга ёш мутахассисларни тегишли ташкилотларга ишга жойлаштириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, вилоят ҳокими ва талабалар учрашуви Андижон давлат университети ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА