Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоят ҳокими: “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”
11:18 / 2021-08-09

Бухорода мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими нуронийлар, ўрта ва ёш авлод вакилларини юртимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами билан табриклади.  

–Бугун юртимизда Мустақиллик, айниқса, Янги Ўзбекистоннинг илк ривожланиш йилларида эришган ютуқларимиз кўламини ҳис этиш учун бироз тарихга боқиб, “ким эдигу ким бўлдик”, деган ҳаётий ҳақиқатни ўз онгу шууримизда тадқиқ этишимиз лозим, – деди Ботир Зарипов. — Буни биздан ҳам кўра кўпроқ даврамиз файзи бўлиб турган катта авлод вакиллари яхши билади. Ўрта авлод вакиллари эса бевосита ана шу туб бунёдкорлик жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Ёшларнинг бугунги дадил одимлари эса бугунги ривожланиш пиллапояларининг муносиб давом эттирилишига ишонч уйғотади. Ҳа, Янги Ўзбекистон солномасининг дастлабки беш йили бевосита вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам зарҳал ҳарфлар билан битишга арзигулик давр бўлди, десак янглишмаймиз.

Янги Ўзбекистонни қуришнинг биринчи кунидан давлат раҳбари томонидан “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилади”, деган тамойил сиёсатнинг энг устувор вазифаси сифатида белгиланди. Биргина мисол. Илгари “Обод қишлоқ” ёки “Обод маҳалла” деган тушунчаларни тасаввуримизга сиғдира олармидик ? Бугунги кунда сўнгги уч йилнинг ўзида вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олиб борилган ишлар натижасида 65 та қишлоқ қиёфаси тубдан ўзгарди. Ушбу ҳудудларда янги гузарлар, мактаб ва боғчалар, оилавий поликлиникалар, спорт майдончалари бунёд этилди.

“Обод марказ” дастури доирасида эса барча туман ва шаҳар марказлари одамларимиз учун қулай ва замонавий кўринишга келтирилди. Туманлар марказлари, Бухоро ва Когон шаҳарларида 300 дан ортиқ 5 ва 7 қаватли уй-жойлар қад ростлади ҳамда қишлоқ аҳолиси учун 4 минг 112 та намунавий шинам ва арзон уйлар бунёд этилиши эвазига қарийб 80 мингга яқин фуқароларимиз замонавий, барча қулайликларга эга хонадонлар соҳибига айланди, шундан 1 минг 310 та квартиралар кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳолига берилди.

Таъкидланганидек, вилоят аҳолисини кўп йиллардан бери қийнаб келган муаммолардан бири аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш масаласи эди. Ўтган беш йилда тоза ичимлик суви билан қўшимча 300 минг аҳоли таъминланиб, қамров 55 фоизга етказилди. Бу борада нафақат бюджет, балки халқаро молия институтлари маблағлари ҳам жалб қилиниб, муаммони ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Вилоятнинг энг олис ҳудудлари бўлган Олот ва Қоракўл туманлари тўлиқ ичимлик сув билан таъминланди.

Бухоро вилоятининг ташриф қоғози ҳисобланадиган “Етти пир” зиёратгоҳлари ҳам тўлиқ қайта таъмирланиб, уларга олиб борадиган 50 километр йўллар реконструкция қилинди. Бунинг натижасида ушбу қадамжоларни зиёрат қилиш имкониятлари 2,5 баробарга ошди. Ҳар бир халқнинг тараққиёт мезони шубҳасиз унинг таълимга бўлган эътибори билан белгиланади. Бу борада мактабгача таълим соҳасида бошланган ўзгаришлар боғча ёшидаги болалар қамровини 30 фоиздан 63 фоизга етказиш, қўшимча 53 мингдан зиёд болаларнинг илк таълимини боғчада олиш имконини берди.  

Умумтаълим соҳасида олиб бораётган ишларимиз ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича Бухоро вилояти Республикада етакчига (битирувчиларнинг 28 фоизи) айланган.

Жорий йилда Бухоро вилоятида 2 та махсус мактаб – Бухоро шаҳрида “Президент мактаби” ва Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби” иқтидорли ўқувчилар учун ўз эшигини очди. Энди ушбу масканларда 650 нафар болаларимиз учун сифатли ва энг замонавий билимларни олиш имконияти пайдо бўлди.

Олий таълим йўналишида Бухоро давлат тиббиёт институтининг ўқув биноси, ётоқхона, клиника ҳамда симулиацион марказини ўзида жамлаган Кампуси барпо этилмоқда. Бухоро давлат университети ҳузурида Педагогика институти ҳамда олий таълим муассасаларида замонавий ихтисосликлар бўйича янги факультетлар ташкил этилди. Бу ишлар натижасида қабул квоталари 3 баробарга ошиб, 2016 йилдаги 3 минг 500 ўриндан 10 минг 300 ўринга етказилди.

Ўтган йиллар давомида аҳолини соғлом турмуш тарзига ўргатиш, улар билан тиббий профилактик ишларни ривожлантириш масалалари ҳам давлатимиз раҳбарининг алоҳида диққат марказида бўлиб турибди. Тиббий патронаж қамрови 40 фоизга яхшиланиб, 28 та оилавий поликлиника ва 39 та қишлоқ врачлик пунктлари ишга тушди.  

Умуман ўтган беш йилда жами 53 та тиббиёт, 118 та мактабгача таълим, 88 та мактаб, 7 та касб-ҳунар ва 10 та спорт объектлари янгидан қурилиб, реконструкция ва мукаммал таъмирдан чиқарилди. Ушбу ишларга давлат бюджетидан 1,1 триллион сўм йўналтирилди.

Яқин-яқингача вилоятнинг аграр ҳудуд эканлиги аллақандай истиҳола билан тилга олинарди. Аммо сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар шуни кўрсатдики, оқилона бошқарув, замонавий технологиялар ва омилкор ёндашув туфайли ушбу соҳада ҳам юксак натижаларни қўлга киритиш мумкин экан. Хусусан, пахтачилик ва ғаллачиликда замонавий бошқарув тизимидаги 16 та кластер корхоналари ташкил этилди. Кластерлар томонидан жами 350 миллион долларлик 24 та лойиҳа ишга туширилиб, 11 мингга яқин янги доимий иш ўринлари яратилди.

Ғалладан бўшаган ерларни ҳам янги ёндашув асосида кам таъминланган аҳолига такрорий экин экиш учун бўлиб бериш амалиёти жорий этилгани эса кам таъминланган оилаларни қўшимча даромад манбаи билан таъминлашда муҳим омил бўлди.  

Шунингдек, Ромитан, Пешкў, Бухоро, Жондор ва Когон туманларида “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, қарийб 1 минг гектар майдонда иссиқхоналар ташкил қилинди ва 4,4 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди.

Саноат ишлаб чиқариши ушбу даврда 14 фоизга ўсди. Айниқса соҳа асосий драйверлари ҳисобланган тўқимачилик, нефтгаз ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишлари кескин юксалди.

Биргина мисол. Республикадаги илк кластер – “BCT cluster” томонидан қиймати 65 миллион АҚШ долларилик лойиҳа ишга туширилиб, 8 минг гектар майдонда 24 минг тонна пахта хомашёсини етиштириш ва уни тўлиқ қайта ишлаш йўлга қўйилди. Ушбу кластер жами 4,5 минг та аҳолини иш билан таъминлади.

Шунингдек, текстил йўналишидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ транс”, Марказий Осиёда ягона бўлган юрак учун стенд ишлаб чиқарувчи “Тибтехника” МЧЖ, “Бухоро гипсум” корхонаси, мотоцикллар ишлаб чиқараётган “Реал мото” МЧЖ каби йирик корхоналарни ҳам бугун илғорлар сафида тилга олиш жоиз.

Ўтган давр мобайнида вилоятда жами майдони 366 гектарга тенг “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси ва жами майдони 100 гектар бўлган 28 та кичик саноат зоналари ташкил қилиниб, 96 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Қиймати 121 миллион АҚШ долларилик 160 та лойиҳада ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Вилоятда сўнгги беш йил туризм йўналиши учун катта ўзгариш ва ислоҳотлар даври бўлди ва юзга яқин мамлакатдан келадиган туристларга визасиз тартиб жорий этилди. Вилоятда меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари сони 5 бараварга ошиб, бугунги кунда 391 тани, улардаги ўринлар сони – 9,5 минг тани ташкил этмоқда.

Ўтган беш йилда вилоят иқтисодиёти 1,2 баробарга ўсди, жами 245 минг нафар янги иш ўринлари яратилди, ўртача умр кўриш давомийлиги – 73,8 ёшдан 75,1 ёшга етди. Янги Ўзбекистон вилоятимиз ҳудудида истиқомат қилаётган 40 дан ортиқ миллат ва элат вакилларига тинч-тотув умргузаронлик қилиш, ўз иқтидорларини жамият ривожи йўлида сафарбар қилиш имконини ҳам берди. Қардош миллатлар вакилларининг қўшни мамлакатларда яшовчи қариндошлари билан алоқаларини тиклаш учун чегаралар очилди.

Замон шиддат билан ўзгариб, вақтнинг қадри ортиб боряпти. Зеро, Имом Бухорий бобомиз ўз китобларида келтирган муборак ҳадисда айтилганидек, “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”. Дарҳақиқат, пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта ижобат бўлади. Бу саъй-ҳаракат ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимизни рози ва оғирини енгил қилишдир.  

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида бўлиб ўтган уч авлод учрашувида таниқли санъат усталари, хушовоз хонандалар концерт дастури, шўх куй-қўшиқлар даврага файз, барчага байрамона кайфият улашди.  

[gallery-3340]

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА