Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилиги самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Муҳокама давомида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, ҳисобот ва амалиёт ўртасидаги фарқларга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, солиқ ҳамда божхона органлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Маълум қилиндики, яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳисобига бюджетга қўшимча 700 млрд сўм тушириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтга қадар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 750 млрд сўмдан ортиқ қўшимча маблағлар қайта ҳисобот қилинган. Натижада бюджетга 709,7 млрд сўм маблағ ундирилган.

Шу билан бирга, вилоятнинг айрим ҳудудларида ушбу йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Хусусан, ундирув кўрсаткичлари паст бўлган туманлар, иш ҳақини “конверт” усулида тўлаш ҳолатлари, норасмий бандлик ҳамда айланма солиқ тўловчилари билан ишлашдаги камчиликлар танқид остига олинди.

Муҳокама жараёнида фаолият юритиб келаётган, бироқ солиқ органлари маълумотлар базасида фаолиятсиз деб қайд этилган фермер ва кластер хўжаликлари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ер майдонларидан даромад олинаётган бўлса-да, солиқ мажбуриятлари тўлиқ бажарилмаётган ҳолатлар кескин танқид қилинди.

Вилоят раҳбари бу ҳолатларни ҳисобот билан амалиёт ўртасидаги жиддий узилиш сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, яширин иқтисодиётга қарши кураш фақат рақамлар ва формал ҳисоботлар билан чекланиб қолмаслиги, ҳар бир ҳудудда реал назорат ва таҳлилга асосланган ёндашув жорий этилиши лозим.
— Ҳар бир гектар ер, ҳар бир ишчи кучи ва ҳар бир сўм даромад ҳисобда бўлиши шарт. Бу борада масъул идоралар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг жавобгарлиги кучайтирилади, — деди Эркинжон Турдимов.
Йиғилиш якунида масъул ташкилотларга солиқ базаларини тўлиқ қайта тиклаш, ҳисобланмай қолган солиқларни қайта ҳисоблаш, солиқ қарздорликларини сўзсиз ундириш ҳамда ушбу масалада туман ва шаҳар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири