Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлган 101 ёшли Янглиш ая Ҳаққулова хонадонида бўлди.
Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида кўплаб юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлади. Уларнинг орасида 100 ёшдан ошган нуронийларнинг ҳам бўлишида жуда катта маъно бор. Негаки, улар бугунги тинч ва дориламон кунлар қадри ва шукронасини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этади.
Президентимиз фармони билан мукофотланганлар орасида ховослик 101 ёшли Янглиш ая Ҳаққулова ҳам бор.
11 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган, ҳозирги кунда 53 нафар невара ва 72 чеваранинг суюкли бувиси Я.Ҳаққулова Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги йилларда чўл ҳудудини ўзлаштиришда фидокорона хизмат қилган. Бугунги кунда эса ёш авлодни миллий қадриятлар ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида ўрнак кўрсатиб келмоқда.
Вилоят ҳокими туман фаоллари ҳамроҳлигида онахон умргузаронлик қилаётган хонадонда бўлиб, давлатимиз раҳбари номидан "Шуҳрат" медали ва байрам туҳфаларини топширди.
Дориламон кунлар шукронаси, юртимиз, вилоятимиздаги юксак ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашилди. Тинчлик ва осойишталик сўраб дуолар қилинди.
Ш.Суяров, ЎзА