Аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, уларнинг ижтимоий фаоллиги ва касбий ютуқларини эътироф этишга қаратилган “Йил аёли” миллий танловининг Сирдарё вилояти босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир Гулистон шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида юксак, кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Жорий йилда танловда иштирок этиш истагини билдирганлар сони ўтган йилларга нисбатан анча ортди. Октябрь ойида вилоятнинг 11 та туман ва шаҳрида ўтказилган дастлабки босқичларда 500 нафарга яқин фаол хотин-қиз қатнашди. Саралаш натижаларига кўра, туман ва шаҳар босқичлари ғолиби бўлган 55 нафар иштирокчининг ҳужжатлари вилоят босқичига тақдим этилди.
Танловнинг ҳудудий — Сирдарё вилояти босқичи жорий йилнинг 11 ноябрь куни Оила ва хотин-қизлар бошқармасида ўтказилди. Унда иштирокчилар танлов Низомига мувофиқ учта шарт асосида ўз фаолияти ва эришган ютуқлари юзасидан тақдимотларини намойиш этдилар. Ташкилий қўмита хулосасига биноан, 11 та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, улар республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Жумладан, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинациясида Янгиер шаҳри ИИБ ЖХХ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Юлдуз Қодирова ғолиб, деб топилди. “Йилнинг энг фаол олима аёли” номинацияси Гулистон педагогика институти катта ўқитувчиси Муборак Бердиевага насиб этди. Сардоба тумани тадбиркори Дилбар Қайнарова эса “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” сифатида эътироф этилди.
Шунингдек, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” номинациясида Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг она тили ва адабиёт фани олий тоифали ўқитувчиси Шаҳзода Абдурашидова, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинациясида гулистонлик дизайнер Дилрабо Эминжанова, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси” номинациясида Гулистон давлат университети Педагогика ва психология кафедраси доценти Шоира Файзиева ғолиб бўлди.
Боёвут туманидан Барно Мирзаева “Йилнинг энг яхши уй бекаси”, шунингдек, Боёвут тумани ММТБга қарашли 3-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Жамила Усмонова “Йилнинг энг жонкуяр устози” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўналишида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ҳудудий бўлими бошлиғи, Ўзбекистон ҳамширалар ассоциациясининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Тожихон Ғаффорова, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” номинациясида Гулистон давлат педагогика институтининг “Бошланғич таълим методикаси” кафедраси катта ўқитувчиси (PhD) Дилдора Утанбаева, IT соҳасида эса Оқолтин тумани 2-сонли мактаб дастурчиси Сайёра Милтиқбоева муносиб деб топилди.
Тадбир якунида ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Энди улар “Йил аёли” миллий танловининг республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қиладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири