Умумтаълим мактабларининг 7-11 синф қизларидан тузилган жамоалар ўртасида ўтказилаётган “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” учун мини футбол мусобақасининг Андижон вилояти босқичи финал ўйинлар якунига етди.
Қизлар ўртасида оммавий спорт турлари, хусусан, футболни ривожлантириш, футбол билан шуғулланувчи қизлар қамровини кенгайтириш, футбол мусобақаси орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда иқтидорли ёш футболчи қизларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мусобақада 16 жамоа иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.


Андижон футбол академияси майдонида бўлиб ўтган финал учрашувда Шаҳрихон туманидаги 23-умумтаълим мактабининг “Шаҳрихон-23” ҳамда Хўжаобод туманидаги 29-умумтаълим мактабининг “Фугас” жамоалари баҳс олиб борди. Асосий ўйин вақти 0-0 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида хўжаободлик футболчи қизлар 4:3 ҳисобида ғолиб чиқиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.


Мусобақада учинчи ўрин Булоқбоши туманидаги 27- умумтаълим мактабининг “Ёшлар-27” жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлашга бағишланган тадбирда спорт вазири Адҳам Икромов ғолибларни муборакбод этиб, келгусида янада улкан ютуқларга эришишларини тилади.
Ғолиб ва совриндор жамоаларга кубок ва эсдалик совғалари топширди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари