Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
​Вилоят бўйлаб 102 километр
22:44 / 2020-01-11

Миллий беқасам тўн кийган санъаткорлар карнай, сурнай ва доирада чорлов оҳангини чалиб, байрам тадбири бошланаётганлигидан огоҳ этди.


Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирлар ҳар сафаргидан ўзгача ёндашув асосида ўтказилаётгани байрамнинг янада оммавийлиги, халқчиллиги, энг муҳими, тарғибот самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши жойлашган кўча бугун эрта тонгдан одатдагидан ташқари гавжум, байрамона манзара касб этди. Кўчанинг бир томонида давлатимиз ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти байроқлари ўрнатилган, махсус логотиплари эътиборни тортадиган йигирмадан зиёд бир хил – оппоқ рангдаги “Нексия” машиналари ҳарбийча тартибда тизилиб турган бўлса, иккинчи томонида мазкур кўз қувнатар манзарадан завқ олиб, байрам тадбири бошланишини сабрсизлик билан кутаётган ҳарбийлар, ёшлар, нуронийлар, мухтасар айтганда, аҳоли ва жамоатчилик вакиллари. Ўзаро саломлашиш асносида ҳамма бир-бирини Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклаётгани бу сана нафақат ҳарбийлар, балки том маънода умумхалқ байрамига айланиб бораётганлигини кўрсатиб, дилларга сурур бағишлайди.

Миллий беқасам тўн кийган санъаткорлар карнай, сурнай ва доирада чорлов оҳангини чалиб, байрам тадбири бошланаётганлигидан огоҳ этди. “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Алаходжаев, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси полковник Ҳасанбой Хидиров томонидан тиланган "оқ йўл" билан “Ватанпарварлар автокарвони” йўлга чиқди.

“Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур акция дастури ва махсус белгиланган маршрутга мувофиқ, автокарвон кун давомида Наманган шаҳри, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой туманлари кўчалари бўйлаб 102 километр масофани кезиб чиқиши керак.

photo5247096902426668202.jpg

– Бу автоюришнинг олдига қўйилган мақсад юртдошларимизни Ватан ҳимоячилари куни байрами билан ўзига хос тарзда муборакбод этиш, ёшлар қалбида ҳарбийликка ҳавас уйғотиш, тинчлик-осойишталик қадри ва унинг омиллари, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдир, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Алаходжаев. – Бундан ташқари, вилоят бўйича хизмат бурчини ўтаётган чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ходимларидан 29 нафарининг оила аъзолари Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой туманларида ўтадиган тадбирларга таклиф этилган. Уларга совға-саломлар билан эътибор кўрсатиш, хусусан, фарзандлари қалбида оталарининг жасоратлари учун ғурур-ифтихор туйғусини кучайтириш мақсадидаги йўқлов тадбирлари ҳам кўзда тутилган.

“Ватанпарварлар автокарвони” дастлаб вилоят марказидаги Хотира хиёбонида тўхтади. Бу ерда ташкилот жамоаси, ҳарбий фахрийлар, ҳамкор ташкилотлар томонидан “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гуллар қўйилиб, эл-юрт тинчлиги йўлида шаҳид кетган ўғлонлар хотирасига эҳтиром кўрсатилди.

Шундан сўнг автокарвон Наманган шаҳри кўчалари бўйлаб айланиб, Чортоқ тумани сари йўлга тушди.

Автокарвон Чортоқ тиббиёт коллежида туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, ёшлар ва нуронийлар вакиллари томонидан карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Коллеж маросимлар залида бўлиб ўтган тантанали тадбирни махсус тиктирилган ҳарбий либослар кийган жажжи Ватан ҳимоячилари – тумандаги 17-мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчилари ватанпарварлик мавзусидаги куй-қўшиқлар билан бошлаб берди:

“Ким юртига содиқ бўлса – мендирман ўшал,

Ким юртидан ёвни қувса – мендирман ўшал”

photo5249449067036126246.jpg

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг мазкур қўшиғи болажонлар ижросида шундай жаранглади-ки, залда ўтирган томошабинларнинг кўзига ёш қалқиди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимиз тараққиёт йўлидан барқарор бораётгани, халқимиз ҳаёт фаровонлиги тобора ўсаётгани, хусусан, ёшлар камолоти йўлида яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритиб, бунда энг муҳим омил – тинчлик-осойишталик экани ҳамда бу борада Ватанимиз сарҳадларини, мусаффо осмонимизни туну кун қўриқлаётган Қуролли Кучларими
знинг аҳамияти таъкидланди.

Бу ерга таклиф этилган эл-юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган ҳарбийлар ва ички ишлар ходимларининг яқинлари, фарзандларига “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгашининг совғалари топширилди.

Коллеж ҳовлисида туман ўқув-техника спорт клуби томонидан ташкил этилган кўргазмалар, ҳарбийлар ва спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари “Ватанпарварлар автокарвони” акциясига амалий аҳамияти билан янада мазмундорлик бағишлади.

Шундан тадбирлар Янгиқўрғон ва Косонсой туманлари маданият марказларида ҳам бўлиб ўтди.