Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вильнюс саммити. Турфа фикрлар
14:57 / 2023-07-13

Россия – Украина

Франция Исроил Украинани фаол қўллаши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Президент Эммануэль Макрон баёнот берди.

“Яқин ойларда ҳамкор давлатлардан қўшимча кўмак сўрашга тўғри келади, мен иттифоқдошлар сингари бу масалада Исроил биз томонда бўлишини истайман”, деди у.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг фикрича, Альянснинг айрим давлатлари, ўзлари ўйлагандек, Украина – НАТО кенгашига тақиқ қўя олмайди.

– Кенгаш йиғилишида ўзим раислик қиламан, тескари ишларга йўл қўймайман, – деди у. – Украинада ҳам бошқа аъзо давлатлар каби навбатдан ташқари маслаҳатлашув чақириш имкони бор. Шимолий Атлантика альянси Украинага аъзолик таклиф қилмади. Шунингдек, мамлакат Альянсга кириши учун келажакда “йўл харитаси” тақдим этиши шарт эмас. Киев айни мақсадда анча йўлни босиб ўтди.

Австралия Украинага “Bushmaster” зирҳли машиналарини ҳам қўшиб ҳарбий кўмак ажратиш, Нидерландия эса август ойидан бошлаб учувчилар тайёрлаш курси ташкил этишга ваъда берди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Сербия Президенти Александр Вучич “Украинанинг НАТОга кириши тўғрисида аниқ режа йўқлиги Ғарб Киевни жорий йил охирида “янги совғалар” билан сийлашини кўрсатади”, дея баёнот берди.

Вильнюс саммити Украинанинг НАТОга қўшилиши бўйича барча масалага ойдинлик киритди, деди Литва Президенти Гитанас Науседа. Унинг баҳосига кўра, Киевга биринчи марта “НАТОга аниқ йўл кўрсатилган”.

Германия канцлери Олаф Шольц Зеленский билан учрашув пайтида Киевни қўшимча зенит-ракета мажмуаси ва ракеталар берилишига ишонтирди.

Токио Киевга учувчисиз учоқ ҳаракатини кузатадиган ускуна етказиб беради, деди Япония Бош вазири Фумио Кисида. Бунинг учун ҳукумат 30 миллион доллар сарфлайди, маблағ Япония томонидан илгари НАТО жамғармасига ажратилган захирадан олинади.

Канада ҳукумати тез орада учувчисиз учоқ учун видеокамера партияси ажратиш ва украиналик курсантларни ўқитиб беришни режаламоқда, дея баёнот берди мамлакат Бош вазири Жастин Трюдо.

Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто саммитда НАТО – Украина масаласида камтарона натижага эришилди, деди. “М1” телеканали мухбирига у “Киевга Альянсга кириш таклифи ҳам берилмади, аъзолик жараёни бўйича режа ҳам тақдим этилмади, фақат ўзаро муносабат янги Кенгаш йиғилишларида кўриб чиқилиши маълум қилинди”, деди.

Зеленский ишонч билдиришича, Ғарб ҳамкорлари томонидан Киевни қўллаб-қувватлаш сусаймайди.

–  Бу жараён охиригача қанчалик самимий, тўғри давом этишини билмайман, аммо ҳамкорларга ишонгим келади, – деди у. – Киевга тактик баллистик “ATACMS” ракеталари етказиб бериш тўғрисида қарор чиқмади. НАТОга қўшилмагунча, Украина ҳудудида чет эл қўшинларини жойлаштиришдан Альянс давлатлари ҳам, Киев ҳам манфаатдор эмас. Қуролли кучларимиз қудратли, аммо Альянс намунасидаги замонавий қурол-аслаҳага эҳтиёжимиз бор.

Аброр ХОН, ЎзА