Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
VIII халқаро конгресс иштирокчилар учун катта илмий мулоқот майдонини яратиб берди (+видео)
14:47 / 2024-08-26

Бугун Самарқандда “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгресснинг иккинчи кунида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва Ислом цивилизацияси марказининг «Ўзбекистон қуръонлари», «Ўзбекистоннинг нодир қўлёзма дурдоналари», “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумининг янги жилдлари" каби муҳим лойиҳалари тақдимотлари бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирлар давомида биз иштирокчиларнинг фикри билан қизиқдик ва улардан интервью олдик.

Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудовнинг таъкидлашича, бу галги халқаро конгресс ҳам мазмун, ҳам кенг қамровлиги билан иштирокчилар эътиборини тортган.

–Бу конгресс моҳиятига асосан тизимли ва илмий ёндашувдир. Жорий йилнинг июль ойида Тошкентда форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг музейи бўйича маҳаллий иштирокчилар ўз фикрни билдирган эди.  Қарангки, ушбу конгрессда  300 га яқин олимлар  ўз маърузаси билан қатнашди, фикрлашди ва тажриба алмашди.  Бу тадбирда эса марказ музейини ташкил этишда хорижлик олимлар таклифлар билдирди. Шунинг учун мен буни тизимли ва илмий ёндашув деяпман. Чунки Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг музейи нафақат Ўзбекистон, балки жаҳонга ўзининг таъсирини кўрсатади. Умуман олганда, конгресс иштирокчилар учун катта илмий мулоқот майдонини яратиб берди, –деди Н. Маҳмудов.

Ҳиндистоннинг Ибн Сино номидаги Ўрта аср тиббиёти ва фанлари академияси директори, профессор Сайид Зиллур Раҳман ушбу конгрессда илк бор қатнашмоқда. У Ҳиндистондаги Ибн Сино академиясининг директори бўлиши баробарида, Унани табобати бўйича ҳам йирик ҳинд олими саналади. У 2000 йилда Ибн Сино номидаги Ўрта аср тиббиёти ва фанлари академиясига асос солган.  

–Мен 50 йил мобайнида Ибн Сино, Мовароуннаҳр, Ўрта Осиё ва Араб мамлакатларидан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганганман.  Ўтган асрнинг 70 йилларида Ибн Сино мажлисини ҳам ташкил этганман.  Бугунги кунда мен Ибн Сино мероси ва тарихига оид тадқиқотлар олиб боряпман.  Академия қошида музей ҳам фаолият кўрсатади. Бу ерда  жуда ноёб қўлёзмалар жамланган.  Бундан ташқари, академия қошидаги кутубхонада бутун дунёга доир 37 мингдан зиёд китоблар мавжуд. Унда Ўзбекистонга оид  китобларни кўриш мумкин.  Шунингдек, академияда ўзбек тилидаги китоблар асосида Ўзбекистон бурчаги ҳам ташкил этилган.  Қувонарлиси, бугун мен Самарқандда ўтказилаётган VIII халқаро конгрессда иштирок этдим ва маърузам билан қатнашдим. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳамда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази раҳбариятига ўз ташаккуримни билдираман. Жорий йилнинг октябрь ойида ташкил этиладиган “Учинчи халқаро халқ табобати” анжуманида қатнашаман.  Унда Ибн Сино академияси ва Ибн Сино жамоат фонди ўртасида битим имзоланади. Бугун конгрессда ушбу келишувга эришилди. Унга кўра, Ҳиндистонга илк бор илмий экспедиция ташкил этилади. Унда Ибн Сино жамоат фонди, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти мутахассислари қатнашади. Унга асосан ҳамкорликда академиямиз кутубхонасида сақланаётган Ибн Сино меросини ўрганиш кўзда тутилади, –деди Сайид Зиллур Раҳман .

Туркиянинг Текирдаг Намиқ Камол университети профессори Ҳалит Эреннинг “Ўзбекистон қуръонлари” тақдимоти янгиликларга бойлиги билан барчанинг эътиборини тортди.

– Аввало, ташкилотларимиз ўртасида ўрнатилган ҳамкорликдан хурсандман. “Ўзбекистон қуръонлари” лойиҳаси бўйича конгресснинг биринчи кунида ҳам тўхталиб ўтдим. Бугунги ўтказилган Ўзбекистон қуръонлари” лойиҳаси тақдимотида ҳам бу борада тадқиқотларимни баён этдим.  Ушбу лойиҳа доирасида Ислом цивилизацияси маркази Истанбул кутубхоналаридаги Қуръон нусхалари, айниқса, Ўзбекистон, шу минтақадаги хонлар коллекциялари доирасида яратилган Қуръон нусхалари ҳақида маълумотлар тўплаб бериш таклифини беришган эди. Мен ушбу таклиф доирасида Истанбулдаги кутубхоналарда мавжуд қўлёзма нусхаларини ўрганишга ҳаракат қилдим.

Ўрганишларим давомида Қуръоннинг Истанбул музейларида сақланаётган 10 та нусхасини танлаб олдим. Айни кунларда ушбу қўлёзма  нусхаларининг лойиҳага киритилиши устида ҳаракатлар олиб бориляпти. Бу борада Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ташаббус ва саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этиш керак.  Тақдимотимда ушбу ноёб нусхалар ҳақида ўз таклифимни ҳам билдирдим. Негаки, номлашда сон билан эмас, балки мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, “Ноёб Қуръон нусхалари” деб аталса, мақсадга мувофиқдир, –деди Ҳ.Эрен.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Prr3496xcYI?si=FsssobL0yS1B0sTA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

 Насиба Зиёдуллаева,  

Алишер Исроилов (видео), ЎзА