Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
VII Тошкент халқаро марафонида 50 дан ортиқ чет давлатларидан иштирокчилар қатнашади
17:24 / 2025-04-10

Ўзбекистон божхона қўмитаси раиси ва мамлакатимиз енгил атлетика федерацияси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигида 2025 йил давомида ўтказиладиган оммавий югуриш тадбирларига тайёргарлик кўриш юзасидан Идоралараро ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йил давомида республика бўйича ўтказиладиган оммавий югуриш тадбирларига шу жумладан, 13 апрель куни Марказий Осиёнинг энг йирик спорт тадбирларидан бири – VII Тошкент халқаро марафонига тайёргарликнинг бориши Идоралараро ишчи гуруҳ билан муҳокама қилинди.

Хусусан, тадбирлар давомида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар вакилларининг масъулиятини ошириш, ташкилий ишларни ҳамкорликда амалга ошириш ва марафонни юқори савияда, камчиликларсиз ўтказиш лозимлиги таъкидланди.

Марафоннинг ҳар бир босқичида иштирокчиларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, марафоннинг адолатли тарзда ўтказилишини таъминлаш ва санитария пунктларини ташкил этиш каби муҳим вазифалар йиғилишда батафсил кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида: шу кунга қадар марафонда иштирок этиш учун 9000 нафардан ортиқ, шу жумладан, 51 та давлатдан 1246 нафар хорижий спортчи рўйхатдан ўтган.

“Янги Ўзбекистон” боғига туташ йўллар бўйлаб ташкил этиладиган мусобақада иштирокчилар классик марафон (42 км.), ярим марафон (21 км.) ва 10 км. масофага югуриш мусобақаларида ўз кучларини синаб кўради.

Шунингдек, 12 апрель куни соат 8:00да пойтахтимиздаги “Magic City” боғида болалар учун анъанавий “Kids Run” югуриш, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив югуриш ва 3 км. масофага югуриш ҳамда шимолий юриш бўйича мусобақалар ҳам ўтказилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА