Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Видергебурт” Ўзбекистон немислари маданият марказига немис тилидаги китоблар жамланмаси топширилди
09:37 / 2023-12-11

Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан “Видергебурт” Ўзбекистон немислари маданият марказига немис тили дарсликларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Германия халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни ҳамда маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилиб келаётган  “Видергебурт” немис маданият маркази 1990 йил октябрь ойида ташкил этилган. Марказнинг Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳудудий бўлимлари фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда немис маданиятига бўлган ҳурмат ва эҳтиром, немис халқи урф-одатлари ҳамда анъаналарини ўрганишга бўлган қизиқиш жуда катта.    

Марказда тасвирий санъат, ҳунармандчилик, рақс, театр, немис тили каби тўгараклар ташкил этилган бўлиб, унда миллатидан, ёшидан қатъий назар ҳар ким қатнашиши, билим ва маҳорат ошириши мумкин. Бу ерда немис миллати урф-одатлари, анъаналари, қадриятларини, тарихини акс эттирувчи адабиётлар, турли ашёлар, анжомлар ҳам сақланади.  

Таъкидлаш керак, юртимизда 3 мингдан зиёд немис миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилади.    

Маълумки, Германия халқининг миллий байрамлари кўп бўлиб, марказда ушбу миллий байрам, маросимларни ўзгача шукуҳ билан нишонлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Пасха, Адвент, Октоберфест, Ҳосил байрами каби миллий байрамларни нишонлаш анъана тусини олган. 

– Немис тили ва маданиятини тарғиб этишда немис тили дарсликларига доимий эҳтиёж борлигини инобатга олиб, элчихонамиз томонидан бугунги китоблар жамланмасини  тайёрлаб, келтирдик, - дейди Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси маданият атташеси Клеменс Шванхольд. – Немис тилини чуқур ўрганиш учун замонавий манбалар, адабиётлар зарур. Замонавий манбалар орқали ёшлар нафақат немис тилидаги, балки, Германиядаги янгиланишларни билиб олишлари мумкин. Биз икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамловчи бу каби лойиҳаларни келгусида ҳам давом эттириш ниятидамиз.    

[gallery-14998]

Элчихона томонидан тақдим этилган немис тилидаги дарсликлар ва адабиётлар жамланмаси “Видергебурт” Ўзбекистон немислари маданият марказига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, шу куни Бухоро, Самарқанд ва Фарғонадаги марказ бўлимларига ҳам китоблар жамланмаси жўнатилди.    

Камола ЮСУПОВА,

Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА