Жорий йилнинг 23 январь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ислоҳотларни маҳалла кесимида амалга ошириш, аҳоли учун барқарор даромад манбаларини яратиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари анжуманда: “Маҳалла — ислоҳот қаерда ишлаётганини ҳам, қаерда тўхтаётганини ҳам аниқ кўрсатадиган жой” дея таъкидлаб, Жиззах вилояти Арнасой туманида чорва озуқасини кўпайтириш мақсадида силосни саноат усулида тайёрлаш йўлга қўйилгани, натижада ҳар бир хонадон кунига 250–300 минг сўм даромад олаётганини алоҳида қайд этди.

Айни пайтда Арнасойда наслдор қорамол сони 600 тани ташкил этади. Хонадонларда эса 200 та қорамол бўлиб, улардан кунига жами 2500 литр сут соғиб олинмоқда. Ҳар бир хонадоннинг кунлик даромади эса 250-300 минг сўмдан иборат.
Айни пайтда Арнасой туманида аҳоли хонадонларида наслли чорвачиликни ривожлантириш камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда самарали драйвер лойиҳага айланмоқда.

2024 йилда аҳоли хонадонлари ўрганилиб, кўпчилик фуқароларнинг имконияти ва қизиқиши чорвачиликка йўналгани аниқланди. Шу асосда кам даромадли маҳаллий молларни парваришлашдан юқори иқтисодий самара берувчи наслли чорвачиликка босқичма-босқич ўтиш режаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳанинг муваффақияти, аввало, мустаҳкам озуқа базасини шакллантириш билан боғлиқ. Абдуназар Йўлдошев раҳбарлигидаги “Мустанг тоғлари” ва Фарҳод Ядгаров бошчилигидаги “Сангзор” фермер хўжаликларида 2024 йил октябрь ойида 600 тонна силос саноат усулида тайёрланди. Кейинчалик “Беруний Агростар” МЧЖ билан ҳамкорликда 130 гектар майдонда қўшимча иш олиб борилиб, умумий силос захираси 6 минг тоннага етказилди.

Агар 2024 йил бошида туманда атиги 16 та хонадонда 33 бош наслдор қорамол мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда 200 дан ортиқ хонадонда 600 бошдан зиёд наслдор чорва парваришланмоқда. Яна 200 га яқин хонадон наслли қорамол сотиб олиш истагини билдириб, имтиёзли кредитлар асосида лойиҳага қўшилишга тайёр.
Наслли мол сотиб олиш имконияти чекланган аҳоли учун Германия ва Австриядан келтирилган сифатли сунъий уруғлар орқали маҳаллий моллар зотдорлаштирилди. Натижада 500 бошга яқин гибрид бузоқлар олинди.
Ишлаб чиқариш занжири фақат етиштириш билан чекланиб қолмаяпти. “Мустанг тоғлари” фермер хўжалиги аҳоли хонадонларидан кунига икки маҳал сут йиғиб олиб, ҳар куни 1500 литр сутни қайта ишлаш корхоналарига, 1000 литрга яқинини эса ички бозорга етказиб бериш тизимини йўлга қўйди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир бош наслли сигир кунига ўртача 30 минг сўмлик озуқа истеъмол қилиб, 150 минг сўмлик сут маҳсулоти беради. Бир ёшга тўлган бузоқнинг бозор қиймати эса ўртача 30 миллион сўмни ташкил этади. Бу эса аҳоли хонадонлари учун барқарор ва узоқ муддатли даромад манбаи демакдир.
2026 йил якунига қадар наслли чорва парваришланаётган хонадонлар сонини 1 мингтага, қорамоллар сонини эса 3 минг бошга етказиш режалаштирилган. Бу борада Германиядан яна 60 бош зотдор сигир олиб келиниши ҳам режаларнинг амалий тус олаётганидан далолатдир.
Арнасой тажрибаси Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалар маҳалла кесимида аниқ режа, тадбиркорлик ташаббуси ва аҳоли иштирокида амалга оширилса, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда юксак натижаларга эришиш мумкинлигини яққол кўрсатмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири