Вьетнамдаги сув тошқини қурбонлари 10 кишига етди
Вьетнам шимоли тоғли ҳудудида юз берган сув тошқини қурбонлари сони 10 кишига етди, дея маълум қилди якшанба куни маҳаллий маъмурият. Сўнгги кунларда кучли ёмғир туфайли Сон Ла, ФуТхо, Туен Куанг ва айниқса, Дьен Бьен музофотларида сув тошиб, бир неча жойда фавқулодда ҳолат кузатилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Дьен-Бьеннинг Тиа Динь ва Сазунг туманларида 10 киши ҳалок бўлгани, 7 одам жароҳатланганини тасдиқлади. Матбуот маҳаллий ҳокимият идораларига таяниб, пайшанбадан шанбагача кучли ёмғир ёғиб, сув ўзанидан тошгани ҳақида ёзди. Шанба куни ташқи дунёдан узилиб қолган ҳудудларга кириш, эҳтиёжмандларга зарур воситалар етказиш учун вертолётлар жалб қилинди. Якшанба оқшомида аҳоли хавфсиз жойга кўчирилди, электр ва телекоммуникация таъминоти, деярли, тикланди. Июль ойи охирида худди шундай офат Сон-Ла музофотида беш кишининг ҳаётига зомин бўлиб, экинларни сув босган, чорва ва паррандаларни оқизиб кетганди.
Ҳозир Вьетнамда давом этаётган бўрон мавсуми кўпинча ҳалокатли сув тошқини, кўчки билан кечади.
М.Пирматова, ЎзА