COVID-19 билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиши Вьетнам ҳукуматининг 2021 йил учинчи чоракликда хорижлик сайёҳлар учун мамлакат чегараларини очиш режасини барбод қилмоқда, деб хабар тарқатди АТОР агентлиги.
Айни пайтда мамлакатда коронавируснинг тўртинчи тўлқини ҳақида гап кетмоқда. 15 май куни мамлакатда инфекция юқтирганлар сони рекорд даражада кўп қайд этилган, яъни шу куни 169 кишида касаллик аниқланган. Касалхоналар ва карантин ҳудудларида ҳозир 30 минг киши сақланмоқда.
Коронавирус тез кўпайиб кетишида уйга қайтаётган вьетнамликлар ва ноқонуний мигрантлар айбдор экани айтилмоқда. Ушбу вазият ҳукуматни Хитой, Камбоджа ва Лаос билан туташ чегараларда назоратни янада кучайтиришга ундамоқда. Қолаверса, хориждан келганлар учун ҳам карантинни кучайтириш лозимлиги айтилмоқда. Бундан буён чет элдан келганлар аввалгидек 14 кун эмас, балки 21 кун карантинда бўлади.
Ҳукумат мамлакат ичида сафарларни ҳам қаттиқ назоратга олмоқда. Диққатга сазовор масканлар, чўмилиш ҳудудлари ёпилмоқда. Сайёҳлик компаниялари вилоятлараро қатновларни бекор қилмоқда. Жанубий Корея, Таиланд, Тайвань, Малайзия ва Сингапур билан сайёҳлик бўйича музокаралар музлатиб қўйилди.