Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси фахрий профессор бўлди
11:54 / 2022-10-15

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Ветеринария ва чорвачиликда инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва жорий этишнинг истиқболдаги вазифалари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатлари ветеринария,  чорвачилик, қишлоқ хўжалиги  ва биотехнология соҳасининг етакчи олим ва тадқиқотчилари иштирок этган анжуманда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори Х.Юнусов мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва ушбу йўналишда юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.  

– Ветеринария соҳасидаги замонавий профилактика ва даволаш усулларининг ечимлари – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва  сифатли, экологик тоза  маҳсулотларни етиштиришда  муҳим роль ўйнайди – деди Х.Юнусов. – Университетимиз олимлари, тадқиқотчилари  томонидан амалга оширилаётган ишлар ана шу глобал масалани ижобий ҳал қилишга қаратилган. Бу борада муассаса илғор тажрибаларни ўрганиш, қўшни давлатлардаги ва хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишга  доим  тайёр.

Санк Петербург давлат ветеринария медицинаси университети ректори, К.Племяшов, Москва давлат ветеринария медицинаси ва биотехнологиялар академияси ректори С.Позябин, Қозоғистон Миллий академияси вице президенти Т.Есполов иштирокчиларни онлайн тарзда қутлаб, анжуман ишига муваффақиятлар тилади.  

Беларусь республикасининг Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси  ректори Николай Гавриченко у раҳбарлик қилаётган академия ва университет ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, муҳокама этилаётган мавзу доирасида ҳам бир қатор истиқболли лойиҳалар кўзда тутилганини таъкидлади.

Бугунги кунда мазкур икки олий таълим муассасаси ўртасидаги алоқалар натижаси ўлароқ ташкил этилган қўшма факультетда 40 нафарга яқин талабалар таҳсил олмоқда.  2023 йилда мазкур қўшма факультет ўзининг биринчи битирувчиларини чиқаради. Ҳар икки даргоҳ дипломини қўлга киритадиган мазкур факультет битирувчиларининг салоҳияти ва билимига мутахассислар томонидан  катта ишонч билдирилмоқда.  

Анжуман доирасида  Витебск академияси билан университетнинг Нукус филиали, Ветеринария илмий тадқиқот институти ва Қорақўлчилик илмий тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва шартномалар имзоланди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши ва ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобиловга Витебск академиясининг фахрий профессори унвони ва нишони топширилди.  

Халқаро анжуман секцияларга бўлинган тарзда давом этди. Уларда чорвачилик соҳасида маҳсулдор ҳайвонлар селекцияси ва наслини яхшилаш, озиқлантириш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалигида  замонавий биотехнологик усуллар, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш ва сақлаш технологиялари, ветеринарияда фармацевтика ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш, ветеринария чорвачилигида иқтисодиёт, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаштириш, энергия тежамкор қишлоқ хўжалик техникаларини яратиш, улардан фойдаланиш ва сервис кўрсатиш тизимини такомиллаштириш каби масалалар муҳокама этилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА