Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин Бобоев ҳамда Ислом тараққиёт банки минтақавий операциялар раҳбари Фарид Аҳмад Хон бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилиниб, режалаштирилаётган лойиҳаларнинг тайёргарлик даражаси, техник-иқтисодий асослари амалга ошириш муддатлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар лойиҳаларни тезкор ва самарали босқичга олиб чиқиш, молиялаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда натижадорликни ошириш муҳимлигини таъкидлаб, соҳада устувор йўналишлар — қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилди.
Шундан сўнг мавжуд мастер-режалар таҳлил қилиниб, уларни Ислом тараққиёт банкининг уч йиллик ишчи дастурига киритиш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Шербек Исломов, ЎзА