Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2025 йил учун “Йўл харитаси” доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида соҳавий малака ва тажриба алмашувга қаратилган амалий семинар бўлиб ўтди.
Самарқанд ветеринария илмий-тадқиқот институтининг парранда, қуён, балиқ ва асалари касалликлари лабораториясининг мутахассислари томонидан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор туманларидан ташриф буюрган масъул ветеринар шифокорлар, соҳада фаолият юритаётган ходимлар, шунингдек филиалнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этдилар. Семинарнинг асосий мақсади — ветеринария соҳасидаги илмий янгиликларни амалиётга жорий этиш, замонавий ташхис ва профилактика усулларини кенг қўллаш ҳамда мутахассислар малакасини оширишдан иборат.
Тадбир давомида лаборатория мутахассислари ҳайвонлар касалликларини эрта аниқлаш, уларни олдини олиш ва самарали даволаш бўйича илғор усуллар ҳақида атрофлича маълумот беришди. Шу билан бирга, парранда, қуён, балиқ ва асалари фермаларида кузатилаётган инфекцион касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда биотехнологик ёндашувлар бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди.
Семинар иштирокчилари мазкур тадбир орқали назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашди. Шунингдек, илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳавий инновациялар ва тажриба алмашувини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашишди. Шу нуқтаи назардан мазкур тадбир ветеринария тизимида илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири