Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, кадрлар сифат кўрсатгичини яхшилаш борасида халқаро тажрибалар асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари Миннесота университети билан ҳамкорликда бажарилиши 2020-2023 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонда ветеринария таълимининг твининг лойиҳаси” амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ўқув режа ва фан дастурларини такомиллаштириш ҳамда ветеринария профилактика факультетини беш йиллик таълим шаклига ўтказиш бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек, лойиҳа давомида профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, онлайн семинарлар ўтказиш, қисқа ва узоқ муддатли стажировкаларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳа доирасида қўмита вакиллари ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация айни пайтда Америка Қўшма Штатлари Миннесота университетида бўлиб турибди.
Ҳамкорлик доирасида Миннесота университетининг моддий-техника базаси, ўқув жараёнлари, лабораторияларининг фаолияти ҳамда таълим жараёнида қўлланиладиган барча инновацион технологиялар билан яқиндан танишиш, шунингдек, Миннесота университети ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўртасида меморандум имзоланиши режалаштирилган.
Икром Аввалбоев, ЎзА