“Вертикал фермерлик” Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги талабларига жавоб беради
Элчи Дилёр Ҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Нидерландиянинг “Plantlab” компаниясига ташриф буюрди.
Элчи Дилёр Ҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Нидерландиянинг “Plantlab” компаниясига ташриф буюрди. Делегация таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари ҳам бор эди.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур ташрифдан мақсад қишлоқ хўжалиги соҳаси юксак ривожланган нидерландлар юрти илғор тажрибасини ўзлаштиришдан иборат. “Вертикал фермерлик” соҳасида жаҳонда етакчилардан бири бўлган мазкур корхона раҳбарияти билан учрашув давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий ва илмий-тадқиқот йўналишларидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболи муҳокама қилинди, аниқ келишувларга эришилди.
Масалан, “Plantlab” компанияси технологиялари асосида, деярли барча турдаги ўсимликлар, жумладан, гул, мева-сабзавот маҳсулотларини изоляция шароитида, яъни қуёш нури ва тупроқсиз, сувни 90 фоиз тежаган ҳолда етиштириш таклифи Ўзбекистон учун жуда қизиқ. Маълум бўлишича, бунда ҳосилдорлик очиқ дала ёки иссиқхонага нисбатан бир неча ўн баравар кўп бўлади.
Масаланинг делегация аъзолари эътиборини тортган яна бир жиҳати, “Plantlab” фаолияти илғор замонавий технологияларга асосланган. Қолаверса, суғориш ресурслари етишмовчилиги борган сари долзарб бўлаётган бир пайтда сувни тежовчи технологиялар жуда муҳим.
Мулоқот натижасида нидерландлар томони Ўзбекистонда мазкур лойиҳани маъқуллайдиган маҳаллий шерик бўлса, инвестор сифатида ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.