Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Верона Евроосия иқтисодий форуми – Самарқандда
18:41 / 2023-11-03

Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” сайёҳлик марказида XVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми ўтказилмоқда.

Италиянинг “Евроосиёни англаймиз” ассоциацияси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Европа ва Осиёнинг қирққа яқин мамлакатидан йирик компаниялар ва халқаро тузилмалар вакиллари, тадбиркорлар иштирок этмоқда. 

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентларининг тадбир қатнашчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Ходжаев ва Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари А.Оверчук ўқиб эшиттирди. 

Бу гал Самарқандда ўтказилаётган иқтисодий анжуманга 2007 йилда Италиянинг Верона шаҳрида асос солинган. Ўтган йил мазкур форумга Озарбайжоннинг Боку шаҳри мезбонлик қилган.

– Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки Евроосиё минтақасида ҳам муҳим ўринга эга мамлакатга айланди, – деди ўз сўзида “Евроосиёни ўрганамиз” ассоциацияси президенти Антонио Фаллико. – Шунинг учун ҳам биз “Евроосиё ўзгарувчан дунёда: ҳамкорлик кун тартиби” мавзусини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонни, Самарқандни танладик. Тадбиркорлар учун тобора жозибадор бўлиб бораётган бу мамлакат салоҳиятига ишонамиз. 40 га яқин давлатдан бир неча юзлаб тадбиркорлар, сиёсатчилар, маданият арбоблари, журналистлар, таҳлилчилар ва экспертларни жамлаган бугунги форумимиз Ўзбекистон Республикаси ишбилармон доиралари ва ҳокимият органлари билан мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Атлантикадан Тинч океанигача чўзилган катта Евроосиё улкан салоҳиятга эга ва форумнинг вазифаси бу салоҳиятни бунёдкорлик, тинч иқтисодий ва маданий ривожланиш учун кўприкка айлантиришдан иборатдир.

[gallery-14373]

Форум дастурига кўра, дастлаб “Евроосиё марказидаги ҳамкорлик лойиҳаси: халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда Ўзбекистонинг роли” мавзуида махсус сессия ўтказилди.

Унда мамлакатимиз вакиллари ва халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий алоқаларини ривожлантиришдаги ўрни, савдо-инвестиция ва технологик ҳамкорликнинг янги механизмлари, замонавий шароитда хошашё ва энергия бозорини ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритди. Логистика ва транспорт йўналишларини қайта қуриш, молиявий ва банк хизматлари бозорлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Евроосиё маконида саноат ва технологик ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. 

– Хитой билан Қозоғистон давлатлари ўртасида ишлаб келаётган йўлакка муқобил равишда янги йўлак очилди, – дейди Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев. – Кейинги икки йилда бу йўлак орқали автотранспортда юк ташиш бошланиб, бир йилда аввалги йилларга қараганда юк ташиш ҳажми 10 баробар ошди. Биз учун иккинчи долзарб йўлак бу – трансафғон йўлаги ҳисобланади. Бир неча кун олдин Тошкентда Покистон, Афғонистон, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг транспорт вазирлари учрашувида Покистон ва Афғонистон вакиллари ҳам бу йўлакни имкон қадар тезроқ ишга тушириш таклифини билдиришди. Бу Жанубий ва Ўрта Осиёни боғлайдиган асосий ва фойдали йўл бўлишини таъкидлашди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу лойиҳанинг қиймати 7 миллиард долларга баҳоланган. Уни амалга оширишга ҳам 5 йил вақт керак бўлади. Лекин бу вақтгача қараб турмасдан шу йўналишда юк ташиш бошланди ва 9 ойда 670 минг тонна юк ташилди. Йил якунигача эса юк ташиш ҳажми 1 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Яқин йилларда темир йўл ва унга муқобил равишда автомобил йўллари қурилгандан сўнг, яъни 2030-2035 йилларга келиб ушбу йўлакнинг қуввати 20-30 миллион тонна юкни ташкил қилади.

Икки кунлик форум давомида Евроосиё мамлакатларида савдо, сармоявий ва технологик ҳамкорликнинг янги механизмлари, хамашё ва энергия бозорларини ривожлантириш истиболлари сингари мавзулар муҳокама қилинади. Асосийси, тадбир тадбиркорлар ўртасида эркин мулоқот, бизнес алоқалар ва музокаралар учун кенг имкониятлар яратади.

Форум доирасида бир қатор маданий тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, N.I.C.E. янги италян киноси кинофестивали ташкил қилинди ва бу орқали томошабинлар Италия кинематогрофиясининг янгиликлари билан танишишди. “Сан-Ремо юлдузлари” концертида италиялик машҳур ижрочилар қатнашди.

Шунингдек, Самарқанд ва Флоренциянинг керамика ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари