Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вермикулит – ноёб хомашё
12:04 / 2022-02-12

Қорақалпоғистоннинг Қораўзак тумани ҳудудида дунёнинг саноқли жойларидагина учрайдиган ноёб минерал хомашё кони мавжуд. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, чорвачиликда ва бошқа соҳаларда ҳар хил мақсадларда ишлатиладиган экспортбоп маҳсулот вермикулитдир.

Вермикулит асосан, иссиқликни ва товушни изоляцияловчи ҳамда намликни сақловчи материал сифатида машҳурдир. Мамлакатимизда минерал хомашёнинг ушбу янги тури барча саноат тармоқларида жорий этилиб, миллий иқтисодиёт ривожида муҳим ўрин эгалламоқда.

Вермикулит – гидрослюда гуруҳидаги минералдир. 4000 градусда қиздирган пайтда у кўпчиб, ҳажми 10-25 марта катталашади ва  сув юзасида сузадиган даражада енгиллашади.  

Кўпчиган вермикулит иссиқ ва совуқни ўтказмайдиган хусусияти бор, шу боис қурилиш материали сифатида бозори чаққон, қишлоқ хўжалигида эса тупроқ намлигини сақлаши билан машҳур.

Таажжубки, у ўз вазнига нисбатан 500 фоизгача суюқликни ўзлаштира олади. Паст гигроскопиклиги туфайли у атроф-муҳитдан намликни ўзлаштирмайди. 100 фоиз намликда унинг намлиги ҳатто 10 фоизга ҳам етмайди. Биологик барқарорлиги туфайли вермикулит амалда парчаланмайди ва чиримайди. Патоген микроорганизмларнинг таъсирига мукаммал даражада қаршилик кўрсатади ва ҳашаротлар ва кемирувчиларнинг кўпайиши учун шароит яратмайди. У экологик тоза ва стерил материал бўлиб, токсик таъсирга эга эмас ва оғир металларни ўз ичига олмайди.

Вермикулит сувни тозалашда ҳам ишлатилади. Ундан экологияда оқар сувларни нефть ва ёғлардан тозалашда самарали фойдаланилмоқда.

Вермикулит тупроқнинг сув ва ҳаво мувозанатини оптималлаштиради, қуруқ даврда сувни яхши сақлайди ва илдиз тизимининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис қишлоқ хўжалигида бу минерал хомашё ноёб саналади. У озуқавий моддаларни (калий, магний, калций) тўплайди ва аста-секин ўсимликларга беради. Ҳозирда юртимизда кўплаб қурилаётган гидропоник иссиқхоналарда ўсимликлар айнан кўпчиган вермикулитга ўтқазилади. Шу билан бирга, ўғитларнинг ҳосилдорлиги ва хавфсизлиги ошмоқда.

Қурилишда, саноатда асосан, энергия манбаларини тежаш мақсадида фойдаланилади. Пойдеворларга, полларга, деворларга,  томларига иссиқликни изолацияловчи вермикулит ишлатилади.

Уни ишлаб чиқариш жараёни жуда оддий: руда қазиб олинади, заводга ташланади, концентратларга айлантирилади ва пакетларга жойлаштирилади.

Ўзбекистондаги вермикулит кони Қораўзак тумани «Қойбақ» ОФЙ ҳудудида (Тебинбулоқ кони) жойлашган бўлиб, ундан фойдаланган ҳолда 3 та корхона томонидан вермикулит маҳсулотлари экспортга чиқарилмоқда.

2021 йилда жами 623 минг долларлик вермикулит концентрати 2 та хорижий давлатга экспортга чиқарилди. Асосий харидорлар Россия ва Туркия давлатларидир.

Тебинбулоқ вермикулит кони 1937 йилда аниқланган. Унинг захиралари 1 млн. тоннадан зиёд, деб баҳоланган.

Е.Қаноатов, ЎзА