Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Венгриянинг Обуда университети ректорига Тошкент кимё-технология институти фахрий профессори унвони берилди
12:30 / 2023-04-28

Олий таълим фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Венгриянинг Обуда университети ректори профессор Левенте Ковач бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Томонлар ўртасида таълим ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, икки томонлама манфаатли тадқиқотлар йўналишларига аниқлик киритиш, университетларнинг ҳамкорликдаги стартап дастурларини қўллаб қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.  

Учрашувда профессор Левенте Ковач Обуда университетида ҳозирда ўзбекистонлик талабалар таҳсил олаётганини ва мамлакатимиз ёшларига яна қўшимча квоталар ажратилишини таъкидлади. Ректор бакалавриат, магистратура ва докторантура йўналишларида талабаларни ўқишга қабул қилишга тайёрлигини, бунинг учун кўпроқ ўзбекистонлик ёшлар “Stipendium Hungaricum” дастурида иштирок этишлари лозимлигини маълум қилди. Шунингдек, икки томонлама диплом бериш амалиёти яхши натижалар бераётгани қайд этилиб, бу тажрибани ҳам кенгайтиришга келишилди.  

Учрашувда докторлик диссертацияларига ҳам раҳбарлик қилиш, онлайн-курслар, онлайн-таълим ва ўқитувчилар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш каби масалаларга тўхталинди.  

Венгрия томони халқаро маслаҳатлашув кенгаши тузиш таклифини билдирди. Кенгашда юқорида кўтарилган масалаларни ишчи тартибда муҳокама қилиш, ҳамкорлик доирасида ишларни режалаштириш ва амалга ошириш назарда тутилади. Таклиф ижобий қабул қилиниб, вазирлик кенгаш аъзолигига номзодлар беришига келишилди.  

Ўз навбатида Ўзбекистон томони Обуда университетида Инновацион менежмент йўналиши бўйича ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш масаласини кўтарди. Ректор бу йўналиш нафақат Ўзбекистон, балки Европа учун ҳам янги эканини қайд этиб, ушбу йўналишда ўқиган битирувчилар ноёб кадрлар бўлишини қайд этди.  

Учрашув якунида Левенте Ковачга Ўзбекистон билан илмий ва олий таълим соҳасидаги юқори даражадаги ҳамкорлик алоқалари учун Тошкент кимё-технология институти фахрий профессори унвони берилди. Фахрий профессор унвони дипломини институт ректори Ботир Усмонов тантанали равишда тақдим этди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА