Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Венгриялик тадбиркор билан учрашув
14:27 / 2021-03-31

Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов венгриялик йирик тадбиркор ва саховатпеша инсон Шандор Чани билан учрашди.

Будапешт шаҳрида жорий йил февраль ойида бўлиб ўтган учрашув якуни бўйича эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида инвестиция, банк-молия, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласига доир мулоқот давом эттирилди.

Суҳбат чоғида ирригация, ўрмон хўжалиги, паррандачилик, гўшт ва сут ишлаб чиқариш каби Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг истиқболли йўналишларида лойиҳаларни амалга оширишга Венгрия инвестицияси ва илғор технологиясини жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилиш истиқболи муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда банк соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида давлатнинг ушбу йўналишдаги иштирокини камайтиришда ижобий тенденция қайд этилди. Венгрия томони фикрича бу – соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда энг муҳим жиҳатлардан биридир.

Шу нуқтаи назардан томонлар Ўзбекистон тижорат банкларидан бирини хусусийлаштиришда “OTP Bank Group” иштирокини муҳокама қилдилар. Шунингдек, банк хизматларини микромолиялаштириш ва рақамлаштириш, корпоратив ва лойиҳавий молиялаштиришни ривожлантириш, шунингдек, ипотека кредитлари ажратиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Тадбирда спорт соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистонда футболни ривожлантириш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Амалий ҳамкорликнинг қатор йўналишлари, жумладан, мураббийларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, терма жамоа аъзолари кўникмаларини юксалтириш, ёшлар жамоаларини кучайтириш, ўртоқлик турнирлари ташкил этиш белгилаб олинди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг муҳокама этилган йўналишлари доирасида фаол мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлги

матбуот хизмати