Таълим, илм-фан соҳасида хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тажриба орттириш ҳамда етук мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги 30 йиллик дипломатик муносабатлар доирасида икки давлат манфаатли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Таълим соҳасидаги муносабатлар истиқболи ҳам эътиборга молик.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг мамлакатимиз ёшларининг Венгриянинг “Ҳунгарикум стипендияси” грант дастури имкониятларидан самарали фойдаланишларини ҳамда икки давлат олий таълим муассасалари алоқаларини янада фаоллаштириш тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги делегация аъзоларининг Венгрия Миллий ассамблеяси Спикери билан учрашуви давомида икки давлат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари билан бирга, Венгриянинг “Ҳунгарикум стипендияси” грант дастури имкониятларидан Ўзбекистон ёшларининг самарали фойдаланиши борасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.

— Ўзбекистон-Венгрия ўртасида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашиб бормоқда, — деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Феруза Хўжаева. — 2020 йилда имзоланган тегишли меморандумга кўра, Венгрия ҳукумати томонидан Ўзбекистон фуқароларига ушбу хорижий мамлакат олий таълим муассасаларида бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш учун йилига жами 100 тадан таълим грантлари ажратиб келинаётган эди. Ўтган даврда Ўзбекистон фуқаролари учун Венгрия томонидан ҳар йили ажратиб келинаётган таълим грантлари сонини кўпайтириш бўйича муайян ишлар олиб борилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, Венгрия томонидан ҳар йили ажратилаётган таълим грантлари сони 100 тадан 170 тага кўпайди. Бугунги кунда “Ҳунгарикум стипендияси” дастури кўплаб ёшларимизнинг эътиборини тортди. Дастур доирасида Ўзбекистон ва Венгриянинг етакчи таълим муассасаларини жалб этган ҳолда қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилиб, давлатларнинг университетлари орасида алоқалар шаклланиб бормоқда. Ёшлар бакалавр таълим йўналишларида ва магистратура мутахассисликларида Венгрия давлатидаги таълим муассасаларида бепул сифатли таълим олмоқда. “Ҳунгарикум стипендияси” дастури бўйича имтиҳонлар Венгрия томонидан ўтказилади, бунга бизнинг вазирлик умуман аралашмайди.

Тадбирда қайд этилганидек, кейинги йилларда ушбу таълим дастури грантларига дунё бўйлаб талабгорлар сони ортиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам 2023-2024 ўқув йилида дастур асосида ажратилган 170 та ўринга 798 нафар талаба ёшлар ҳужжат топширган. Шундан 200 нафари Ўзбекистон томонидан дастлабки танловдан ўтган ва Венгрия томонига тавсия этилган. Венгрия томони 200 нафардан 123 нафарини саралаб олган. Лекин ҳозирги кунда 111 нафар талаба ушбу грант асосида таҳсил олмоқда.

Вазирлик мутасаддиларининг айтишича, Ўзбекистондан асосан қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ҳамда гуманитар йўналишлардаги таълим муассасалари танланган. Бошқа йўналишлардаги муассасаларга ҳам қизиқишни ошириш лозимлиги таъкидланди.

Айрим сабабларга кўра турли давлатлардан келган ва ўқишини ўз муддатида якунлай олмаган стипендиатлар сони ҳам ортган. Ўз муддатида ўқишни тугата олмаган ёшларга ўқишни битириш учун имконият яратиш мақсадида улар учун грант муддати яна бир йилга узайтирилмоқда. Бунинг ҳисобига эса Венгрия ҳукумати томонидан тасдиқланган квоталарга нисбатан ажратилган грант ўринлари камроқ бўлмоқда.

Тадбир давомида депутатлар ушбу таълим грантини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, бу каби хорижий грантлардан унумли фойдаланиш ҳамда соҳалар бўйича қамровни кўпайтириш борасида фикр билдирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА