Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Венгрия ва ТДТ ўртасида қандай боғлиқлик бор?
12:07 / 2024-07-06

Туркий давлатлар ташкилоти анжуманларда Венгрия мунтазам равишда кузатувчи сифатида иштирок этади. Европа Иттифоқи аъзоси, бир қарашда туркий тил ёки маданиятга алоқадор бўлмаган бу давлатнинг тузилмадаги иштироки, бевосита ҳукумат раҳбари даражасидаги фаоллиги кўпчиликни ҳайрон қолдиради.

Хўш, Венгрияни ТДТ билан нима боғлайди? 

Тарихий илдизлар

Венгрия Европа марказидаги жойлашган бўлса-да, Ислом дини ва туркий маданиятга бегона бўлмаган тарихга эга мамлакат. Қадимдан бу ҳудудда мусулмонлар ҳам яшаб келган. Венгрларни Шарқда можарлар, дейишган ва бугунги кунга қадар айни атама сақланиб қолган. Венгр тилида туркий сўзлар кўп учрайди. Бу юрт қишлоқларида яшовчи деҳқонлар, ҳунармандлар, умуман оддий халқ турмуш тарзида турк маданияти таъсири кучли.

Қадим венгрлар Осиёда яшаган ва IX  асрда Урал дарёси бўйидан Европага кўчган. Венгриянинг давлат тили – можар Урал тиллари оиласига мансуб.

Замонавий дунё

Айни пайт дунёда иқтисодий ҳамкорлик аксарият сиёсий қарашларни четга сураётган вазият ҳукм сурмоқда. Венгрия социализм таъсирида анча вақт йўқотиб, охир-оқибат эркин бозор иқтисодиётига ўтган ва изчил ривожланаётган мамлакат ҳисобланади.

Давлатнинг ҳозирги етакчиси Виктор Орбан мамлакати тараққиёти учун янгилик татбиқ этишдан қўрқмайдиган, фаол ислоҳот ўтказаётган, халқаро ташкилотлар, давлатлар билан ва ўзаро фойдали муносабатга доим хайрихоҳлик билдирадиган сиёсатчи.

Венгриянинг Ўзбекистон билан муносабати ҳам жуда яхши. Икки раҳбар бир-бирини дўст атайди. ТДТ Самарқанд саммитига Виктор Орбан биринчи бўлиб етиб келди, икки давлат ишбилармонлари иштирокидаги бизнес-форум анжуман дастурини безади.

Келажак

Умуман, Венгрия туркий дунё билан тарихий гиналарни унутиб, ҳамкорликнинг янги шаклларини йўлга қўйишга интилмоқда.

Раҳбарларнинг турли жабҳада, жумладан Туркий давлатлар саммити доирасидаги қатор учрашувлар ҳам келажакда тинчлик, иқтисодий ҳамкорликка кзмаклашадиган икки ва кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган.

М.Пирматова, ЎзА