Венгрия Бош вазири сиёсий директори идораси – Давлат котиби ўринбосари Мартон Угрошди Ўзбекистонга ташрифи чоғида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида таълим, илм-фан алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу берди:
– Ташрифдан кўзланган асосий мақсад ТДТ мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон ва Венгрия талабалари учун бир-бирлари олий ўқув юртларида таҳсил олиш, қўшма тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш имконини берувчи тузилма ва молиялаштириш механизмини яратиш ташаббусини муҳокама қилиш.
Октябрь ойида бўлиб ўтадиган ТДТ саммити доирасида талабаларга нафақат табиий, балки ижтимоий фанлар бўйича ҳам қисқа муддатли амалиёт ва тадқиқот ўташ назарда тутиладиган дастур қабул қилиш таклифини киритдик. Бу мамлакатларимизга сув ресурсларини бошқаришдан тортиб, сунъий интеллект ва иқлим ўзгаришигача бўлган долзарб муаммолар юзасидан бирга ишлаш имконини беради.
Ҳозир ўзбекистонлик талабалар Венгрияда тўлиқ олий маълумот олиш учун “Stipendium Hungaricum” дастуридан муваффақиятли фойдаланмоқда. Афсуски, айни жараёнда қисқа муддатли ҳаракатчанликни таъминлайдиган мослашувчан механизм етишмаяпти. Янги ташаббусимиз айнан шу муаммони бартараф этишга қаратилган. Яъни, гап тўлиқ ўқув дастури ўрнига бир неча ҳафта ёки ой давомида ТДТ таркибидаги бошқа мамлакатлар таълим муҳитига уйғунлашиш имконини берадиган қисқа муддатли лойиҳалар ҳақида кетяпти. Шунингдек, умумий тарихимизни ўрганиш ва бугунги куннинг долзарб масалалари устида иш олиб бориш учун Ўзбекистонда венгриялик талабалар кўпроқ бўлиши тарафдоримиз.
Ўзбекистон Венгриянинг минтақадаги ишончли шериги. Бу заминда ташаббусларимиз мунтазам қўллаб-қувватланаётганидан беҳад мамнунмиз. Шу билан бирга олий таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз зарур.
Айни жараёнда ҳудудлар ва таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, Венгрия компанияларини Ўзбекистондаги лойиҳаларга фаолроқ жалб қилиш муҳим. Масалан, саноат парклари ва инновацион марказларни ишга тушириш, қўшма тадқиқот олиб бориш истиқболли режалар сирасига киради.
Мартон Угрошдининг Тошкентга ташрифи Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам, дейиш мумкин. Зеро, ТДТ доирасида таълим ва илмий алмашинувни ривожлантириш, минтақа ёшларини қўллаб-қувватлаш, глобал таҳдидларга биргаликда ечим топиш мамлакатларимиз янада жипслашуви йўлида янги уфқлар очмоқда.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА