Тиббиёт хабарлари
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёжеф Рожа билан учрашув ўтказди.
Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси жараёнида Венгрия билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор.
Бугунги кунда ушбу мамлакат билан шериклик алоқаларини кенгайтириш бўйича аниқ режалар ва истиқболли йўналишлар белгилаб олинган. Хусусан, жорий йил июль ойида юртимиз соғлиқни сақлаш тизими масъулларидан иборат гуруҳнинг ҳукуматимиз делегацияси таркибида Венгрияга ташрифи доирасида ҳам тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим келишувлар имзоланган эди.
Жумладан, ҳозир ушбу мамлакатнинг бир қанча нуфузли фармацевтика корхоналари билан Венгрия дори воситаларининг юртимизда ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш, сифат назорати, шунингдек, фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш каби йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Учрашувда ана шу лойиҳалар ижросини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масаласи ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Жумладан, Венгриянинг Земмелвайс, Дебретсен каби нуфузли университетлари билан биргаликда тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, академик алмашинув ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Венгрия ҳукумати томонидан “Stipendium Hungaricum” дастури доирасида Ўзбекистон фуқароларига ушбу хорижий мамлакат олий таълим муассасаларида бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш учун йилига жами 170 тадан таълим грантлари ажратиб келинмоқда.
Таъкидланганидек, ушбу дастур ҳам тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни ривожлантириш, шу жумладан, ўзбекистонлик ёшларнинг Венгриянинг тиббиёт олийгоҳларида Европа стандартлари асосида ўқиши учун яхши имкониятдир.
Музокаралар давомида Венгриянинг етакчи университетлари ўқитувчи ва профессорларини юртимиздаги тиббий олийгоҳлар ҳамда тиббиёт марказларида маърузалар ўқиш, амалий машғулотлар ва маҳорат дарсларини ўтишга жалб қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ҳудудлардаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ошхоналарининг моддий-техник базаси мустаҳкамланади

АҚШнинг “Mercy Corps” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти, Мактабгача таълим агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамкорлигида "Нукус шаҳрида мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат хавфсизлигининг тамойилларини ўрганиш ва амалий кўникмаларни ривожлантириш” юзасидан малака ошириш тренинглари ўтказилмоқда.
Хўжайли, Тахиатош, Нукус, Чимбой, Қораўзак, Кегейли туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларининг директор, хўжалик мудири ва ошпазлари иштирок этган мазкур тренингда озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз тайёрлаш ва сақлаш тушунчалари, МТТда хўжалик бўлим бошлиғи, бош ошпаз ва ошпазларнинг мажбуриятлари, мактабгача ёшдаги болалар учун тўйимли, хавфсиз овқатланишни ташкил этиш юзасидан билимлар берилди. ДМТТ ошхоналарига қўйиладиган талаблар, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва сақлаш ҳамда овқат тайёрлаш учун санитария-гигиеник, дезинфекциялаш воситаларини сақлаш қоидалари тушунтирилди. “Mercy Corps” халқаро ННТ томонидан тақдим этилган ошхона жиҳозлари ва сувни фильтрлаш тизимларидан фойдаланиш қоидалари ҳақида сўз юритилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА