Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Венгер шоири Шандор Петёфининг “Озодлик” китоби ўзбек тилига таржима қилинди 
08:28 / 2023-08-21

Ўзбек-венгер адабий алоқалари, деганда, сайёҳ, тилшунос, ёзувчи ва шарқшунос Вамберининг XIX асрда диёримизга қилган сафари ёдимизга тушади.

Маълумотларга кўра, Вамберининг сафари натижасида тарих, тилшунослик, адабиётшунослик, фольклор, этнография, географияга оид асарлар, луғатлар, очерклар юзага келган. 

Шунингдек, у Навоий, Фузулий, Насимий, Сўфи Оллоёр ғазалларидан олинган намуналарни ва юздан ортиқ ўзбек мақолларини немисчага таржима қилган. Таржималарини эса араб, лотин ёзувида ҳам келтириб ўтиб, туркий ва немис тилларини қиёсий ўрганган.

Айтиш керакки, ХХ асрда ўзбек адабиётининг кўплаб намояндаларининг асарлари венгер тилига ҳам ўгирилди. Айни пайтда Лайош Кашшак, Геза Сеч, Янош Сентмартон, Йожеф Ратко, Шандор Петёфи каби венгер ижодкорларининг асарлари адиб ва шоирларимиз меҳнати натижасида ўзбек китобхонларига тақдим этилган.

Жорий йилда атоқли венгер шоири Шандор Петёфи таваллудига 200 йил тўлди. Венгрия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дюла Ковачнинг фикрига кўра, эрк ва озодлик, ҳуррият куйчиси бўлган Шандор Петёфи бор-йўғи 26 йил умр кечирган бўлса-да, унинг оташин шеърлари ҳамон долзарб ва дунё тилларига энг кўп таржима қилинган. 

Унинг ижод намуналарини ўзбек китобхонларига тақдим этишда атоқли шоир Рустам Мусурмоннинг хизматлари ўзига хос. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, Рустам Мусурмон Шандор Петёфининг 200 йиллигига бағишланиб, Венгрияда ўтказилган халқаро шеърий таржима танловида қатнашиб, юксак бадиий таржималари учун ғолиб бўлди.

Бундай халқаро ижодий ҳамкорлик Ўзбекистон – Венгрия маданий, дипломатик алоқалари ривожида муҳим ўрин тутади. 

Бугун ўзбек ўқувчилари Шандор Петёфининг “Озодлик” номли китобидаги юз шеърни ўз тилида ўқиш имкониятига эга бўлди. 

Венгер адабиётининг биринчи таржимони Исҳоқ Иброҳим XIX асрда яшаб ижод қилган. Рустам Мусурмон можор адабиёти таржимасида Исҳоқ Иброҳим анъаналарининг давомчиси бўлди.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хорижий мамлакатлар адабий тузилмалари, шу жумладан, венгер ижодкорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. 

Уюшма томонидан ташкил этилган халқаро адабий форумлар, анжуманларда, ТУРКСОЙ ташкилоти ёзувчи ва шоирларининг форумида, "Мумтоз шеърият" халқаро форумида венгер адиблари ҳам фаол иштирок этмоқда. 

"Туркий адабиёт дурдоналари" юз жилдлик тўпламнинг алоҳида бир жилди венгер адиб ва шоирлари ижодига бағишланган.

Назокат Усмонова, ЎзА