Венесуэлада Мадурони ҳокимиятдан четлатишга уринган 66 киши ҳибсга олинди
Венесуэла Бош прокурори Тарек Уильям Саабнинг баёнот беришича, ҳуқуқ посбонлари яқинда 66 кишини ҳибсга олган.
Венесуэла Бош прокурори Тарек Уильям Саабнинг баёнот беришича, ҳуқуқ посбонлари яқинда 66 кишини ҳибсга олган. Улар 3 майда мамлакат ҳудудига денгиз орқали киришга уринган ёлланма гуруҳга алоқадор кишилар бўлганлиги айтилмоқда.
Венесуэла ички ишлар вазири 3 майда Ла-Гуайра штатида бир гуруҳ жангарилар тезюрар қайиқларда мамлакат денгиз чегараларини бузиб киришга урингани ҳақда хабар берган эди. Хабарда чегарабузарлар жангарилар Колумбия томондан келгани ва уларнинг барчаси ўлдирилгани айтилади.
Венесуэла президенти Николас Мадуро жангариларнинг ушбу ҳаракати уни ўлдириш мақсадида амалга оширилганини таъкидлаган эди. Ўшанда президент Мадуро ҳужум қилганлар орасида икки нафар АҚШ фуқароси ҳам бўлганини маълум қилди. АҚШ ва Колумбия ҳукумати ушбу воқеага алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.
Бош прокурорнинг қўшимча қилишича, суриштирув давомида ёлланма гуруҳнинг техник таъминотини молиялаштириш, уларни озиқ-овқат ва ўқув лагерлари билан таъминлашнинг ташкилий масалаларини Венесуэланинг Futuro Presente фонди ҳал этгани аниқланган. Хабарда таъкидланишича, яқин орада мазкур фонд ходимлари ҳам жавобгарликка тортилади.