Венесуэлада давом этаётган жала ва сув тошқинлари кўплаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда
Венесуэланинг Арагуа штатида юз берган кучли сув тошқинлари ва ер кўчишлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 25 кишига етди, яна 52 киши бедарак кетган, деб маълум қилди ички ишлар, адлия ва тинчлик вазири Ремихио Себальос.
"Айни пайтда 25 кишининг жасади аниқланди, уларнинг оила аъзоларига таъзия билдирамиз. Бундан ташқари, 52 кишининг дараги йўқ", - деди вазир VTV телеканали эфиридан чиқиш қилиб.
Мамлакат президенти Николас Мадуро Арагуа штатида табиий офат қурбонларига уч кунлик мотам эълон қилди.
Офат рўй берган ҳудудларда турар-жойлар, тижорат объектлари сув остида қолгани, электр таъминоти узилгани, қутқарув ишларига 1200 нафар ҳарбий хизматчи жалб этилгани ҳақида айтилмоқда. “Зарар кўрган туман аҳолиси вақтинчалик хавфсиз жойларга кўчирилди”, дейилади хабарда.