Венесуэлада сиёсий сабаб билан қамоққа олинган 30 нафардан ортиқ шахс озод этилди. Бу ҳақда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи “Foro Penal” ташкилоти маълум қилди. Маҳбусларнинг оила аъзолари ва фаоллар ҳукумат эълон қилган маҳбусларни бўшатиш жараёни секин кетаётганидан шикоят қилмоқда.
Тўғри, Делси Родригес жума куни юзлаб маҳбусларни қамраб оладиган “амнистия тўғрисидаги қонун” ташаббусини эълон қилгач, иш тезлашди. Шунингдек, яқин орада Каракасдаги машҳур “Helicoide” тергов изолятори ёпилиб, спорт ва ижтимоий хизмат марказига айлантирилиши мумкинлиги айтиляпти.
"Foro Penal" маълумотига кўра, йил бошидан буён жами 344 “сиёсий маҳбус” озод қилинган, шундан 33 нафари кеча эркинликка чиқди. Ҳукумат эса қўйиб юборилганлар сонини 600 дан зиёд, деб кўрсатмоқда. Бу рақамга аввалги йилларда чиқарилганлар ҳам қўшилган.

“Лотореяда ютганлар” орасида инсон ҳуқуқи фаоли Хавьер Таразона ҳам бор. Террор ва фитна айблови қўйилган бу жиноятчи 2021 йилдан буён "Helicoide"да сақланган.
Ҳуқуқ фаоллари ҳисоботига кўра, ҳозир ҳам 700 дан кўп одам сиёсий сабаб билан ҳибсда қолмоқда. Оила аъзолари ва жамоатчилик вакиллари ҳукуматдан нафақат маҳбусларни озод этиш, балки уларга қўйилган айбловлар олиб ташланишини ҳам талаб қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА