Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Венесуэла: Мадуронинг ҳибсга олиниши ва номаълум келажак
16:53 / 2026-01-08

Венесуэлани келажакда нима кутмоқда? Бугунги кунда нафақат сиёсатшунослар, балки ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида ҳам энг кўп муҳокама қилинаётган савол шу. BBC эълон қилган сўнгги маълумотлар ва Дональд Трамп маъмуриятининг кескин қадамлари бу саволни янада долзарблаштирди.

Дональд Трампнинг кўрсатмаси билан Венесуэла раҳбари Николас Мадуронинг қўлга олиниб, Нью-Йоркка олиб келиниши АҚШнинг ҳарбий ва сиёсий қудратини намойиш этди. Гарчи Мадуронинг ҳибсга олиниши "вақтинчалик" деб таърифланаётган бўлса-да, кузатувчилар эндиликда бу Лотин Америкаси давлати амалда Вашингтон томонидан бошқарилиши эҳтимоли юқори эканини таъкидламоқдалар.

Кўпчилик ушбу ҳаракат замирида Венесуэланинг бой нефть захиралари ётганини тахмин қилмоқда. Бироқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио буни инкор этиб, Вашингтонга Венесуэла нефти эмас, балки ушбу соҳа рақиб давлатлар назоратига ўтиб кетмаслиги муҳимлигини билдирди. Бу баёнотлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини вақт кўрсатади.

АҚШ Президенти Венесуэланинг келажаги борасидаги режаларини очиқлади. Маълум қилинишича, Марко Рубио айни пайтда мамлакатни вақтинча бошқараётган вице-президент Делси Родригес билан мулоқот ўтказган. Трампнинг сўзларига кўра, Родригеснинг "бошқа танлови йўқ" ва у қўйилган шартларга рози бўлади. Акс ҳолда, АҚШ қўшин киритиш вариантини ҳам истисно этмаяпти.

Қизиғи шундаки, Мадуро қўлга олинган илк соатларда қатъий қаршилик кўрсатган Делси хоним, Вашингтон вакиллари билан мулоқотдан сўнг ўз позициясини ўзгартириб, ҳамкорликка тайёрлигини билдирган. Бу эса Венесуэланинг "масофадан бошқарилиши" борасидаги тахминларни кучайтирмоқда.

Бироқ вазият ташқи томондан кўринганидек силлиқ кечмаслиги мумкин. Таҳлилий марказлар Мадуронинг ағдарилиши мамлакатда зўравонлик ва беқарорлик тўлқинини бошлаб беришидан огоҳлантирмоқда. "The New York Times" нашри ёзишича, АҚШ мудофаа идоралари аллақачон турли сценарийлар устида машқ ўтказган. Асосий хавф — ҳокимият учун курашадиган турли қуролли гуруҳларнинг пайдо бўлиши ва юзага келиши мумкин бўлган парокандаликдир.

Мария Корина Мачадо Ғарб учун энг мақбул номзод сифатида кўрилмоқда. Унинг либерал иқтисодий ислоҳотлар ва нефть секторини хусусийлаштириш борасидаги қарашлари Вашингтон манфаатларига мос келади. Бироқ Трамп Мачадонинг мамлакат раҳбари бўлиш имкониятини ҳозирча паст баҳоламоқда, бу эса мухолифат ичидаги мувозанатни ҳам чигаллаштиради.

Мадуронинг ҳибсга олиниши халқаро ҳуқуқ меъёрларига берилган жиддий зарба сифатида талқин қилинмоқда. Демократ Марк Уорнер каби сиёсатчилар бу "ёмон намуна" бўлишидан хавотирда. Агар АҚШ бошқа давлат раҳбарини ўз қароргоҳидан ўғирлаб кетишни одат тусига киритса, бу айрим гегемон давлатлар ҳам худди шундай ҳаракат қила бошлашига замин яратиши мумкин.

АҚШнинг аввалги тажрибалари (Ироқ ва Афғонистон) кўрсатадики, режимни куч билан алмаштириш ҳар доим ҳам кутилган натижани бермайди. Трампнинг "ресурслар эвазига таъсир ўтказиш" стратегияси Венесуэлани тинчликка бошлайдими ёки янги глобал беқарорлик ўчоғига айлантирадими — бу ҳозирча жавобсиз қолаётган энг муҳим саволдир.

К.БЕКЖОНОВ,

 ЎзА шарҳловчиси