ЎзАдан эксклюзив видео репортаж
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди
Бугунги кунда Ўзбекистон маданият ва санъат соҳасида, жумладан, мусиқа, кино, рақс, театр билан бир қаторда архитектура йўналишида ҳам халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган. Фикримизни дунёнинг турли бурчакларида ўтаётган халқаро тадбирларда мамлакатимиз вакиллари фаол ва муносиб иштирок этаётгани ҳам исботлайди.
Жорий йил 20 май куни Италиянинг Венеция шаҳрида жойлашган йирик кўргазма ҳудудида 18-Халқаро архитектура биенналеси очилади. Мазкур анжуман доирасида мамлакатимиз Миллий павильони ҳам иш бошлайди.
ЎзА ходимлари ҳам қадимий ёдгорликларимиз, тарихий иншоотларимиз, кўп асрлик меъморчилик анъаналаримиз намойиш этиладиган махсус павильонда кечадиган воқеаларни, шунингдек тадбир дастурига мувофиқ ўтадиган семинар, давра суҳбатларини кенг ёритиш мақсадида ушбу кўҳна шаҳарда бўлиб турибди.
Бундай йирик анжуманда ноёб намуналар жамланган мамлакатимиз павильони намойиши тасвирий санъат ва архитектура йўналишидаги лойиҳаларни ривожлантирган ҳолда, миллий меросимизни янада оммалаштириши шубҳасиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UURCDGifGK0" title="Венеция биенналесида Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Италиянинг қадимий ёдгорликлари яхши сақланган, тарихий иншоотлари билан туристларни мудом ўзига жалб этаётган мўъжизавий шаҳар – Венецияда ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган 18-Халқаро архитектура биенналесида олтмишдан зиёд мамлакат вакиллари – ҳар бир жамоа махсус шиор остида томошабинлар эътиборини жалб этишга ҳаракат қилмоқда.
Мамлакатимизнинг “Unbuild Together” номли лойиҳасида, жумладан, Қорақалпоғистондаги қадимий қалъалар харобалари, Хоразм цивилизацияси мероси ва анъанавий ғиштлар намуналарига алоҳида ўрин ажратилган. Универсал ва ўтмишга оид ғиштин материаллар, ўзбек меъморчилигининг “қурилиш блоги” томошабинлар нигоҳини ўзига тортиши тайин.
Таъкидланишича, “Unbuild Together” кўргазмаси меъморий меросимизнинг турли қирраларини акс эттирган. Тадқиқот лойиҳаси бугунги кунни ва эртани биргаликда барпо этиш учун зарур воситаларни топиш йўлида ўтмишга шўнғитади.
Қайд этиш жоиз, Тошкентдаги Ажу университети ҳам мазкур лойиҳага ҳамкорлик қиляпти. Жорий йил январда мамлакатимизда “Studio KO” вакиллари, талабалар ва профессорлар иштирокида айни мавзуга доир семинар, экскурсия, назарий муҳокама, давра суҳбатлари ташкил этилган.
ЎзАни кузатиб боринг: тадбир ҳақида батафсил ахборот бериб борилади, кўргазма қатнашчилари ва меҳмонлари билан видео суҳбатлар уюштирилади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Нишонбой АБДУВОИТОВ (тасвирчи), ЎзА