Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Венада референдум натижаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
10:33 / 2023-05-09

Вена шаҳрида “Янги Ўзбекистонда конституциявий референдум” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси, Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик сиёсати институти ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Австриянинг сиёсий, иқтисодий, гуманитар доиралари вакиллари, етакчи “ақл марказлари”, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Котибияти ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистоннинг Австриядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев иштирокчиларни 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилинишига оид референдум натижалари билан таништириб ўтди.

Шундан сўнг тадбирда асосий маърузачи сифатида иштирок этган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков янги таҳрирда қабул қилинган Конституция, уни ишлаб чиқиш жараёни, унга киритилган асосий нормаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. 

– Ўзбекистонда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотларнинг асосий тамал тоши бу – инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишдир, – деди Э.Туляков. – Хусусан, Конституцияда инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормалар сони 3 баробардан зиёдга кўпайди. Шунингдек Бош қомусимизда сифатли таълим олиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, болалар, аёллар, кексалар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжмандларни уй-жой билан таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга қаратилган қатор янги нормалар белгиланган.

Шу билан бирга, иқтисодий фаровонлик, парламентнинг суд ва назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланди.

Ушбу нормаларни ишлаб чиқиш жараёнида эса, энг аввало, аҳолининг кенг қатлами, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг фикр ва таклифлари, халқаро ҳамжамиятнинг тавсиялари инобатга олинди.

Ўз навбатида, тадбир иштирокчилари томонидан ҳам Конституциявий ислоҳотлар жараёни юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди. Жумладан, “Specht & Partner Rechtsanwalt GmbH” юридик фирмаси асосчиси Леопольд Шпехт қатнашчиларга бир гуруҳ ғарб мутахассислари билан биргаликда Ўзбекистоннинг янги Конституцияси юридик экспертизадан ўтказилганлиги ва ушбу таҳлил ижобий натижалар берганлигини таъкидлаб ўтди.

– Ўзбекистоннинг янги Конституцияси жаҳон амалиётидаги илғор тажрибани инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди ва ҳозирги замон талабларига жавоб берувчи прогрессив нормаларни ўз ичига олган конституцияга айланди, – деди Л.Шпехт. 

Референдумда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Ўзбекистоннинг Словакиядаги фахрий консули ва Словакиянинг собиқ иқтисодиёт вазири Людовит Чернак овоз бериш куни Ўзбекистон фуқароларининг фаоллиги ва аҳоли учун референдум ҳақиқий байрамга айланганлигини юқори баҳолади. Жумладан, референдумда 84 фоиздан юқори кўрсаткич қайд этилганлиги Европада кам учрайдиган ҳолат эканлиги эътироф этилди.

Шу билан бирга, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси собиқ раиси Ренате Винтер референдум жараёнидаги шаффофлик, овоз бериш учун фуқаролар, шунингдек, халқаро кузатувчилар учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади.

– Шу кунга қадар бирор-бир сайлов жараёнида Ўзбекистон халқида кўрганимдек юқори иштиёқнинг гувоҳи бўлмаганман, – деди  Р.Винтер – Ўзбекистонда референдум очиқ ва шаффоф ўтгани менда ҳеч қандай шубҳа қолдирмади. Ушбу сиёсий жараён халқаро стандартлар ва умумэътироф этилган демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ташкил этилди.

Референдум участкаларида овоз берувчиларга яратилган имкониятлар, айниқса, имконияти чекланган ва кўзи ожиз фуқаролар учун ҳозир қилинган шарт-шароитларни кўриб мамнун бўлдим. 

Бетоблиги сабаб референдум участкасига кела олмаган фуқаролардан, уларнинг уйларига бориб овоз олингани, мамлакат учун ҳар бир шахснинг фикри қанчалик муҳим эканлигидан далолат беради.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан референдум Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлиги, Асосий қонунга бугунги реал воқелик ва шиддатли ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартиришлар киритилганлиги таъкидлаб ўтилди.

ЎзА