Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Велоспортни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгиланди
18:48 / 2022-11-30

Ўзбекистон велоспортчилари ўтаётган 2022 йил мобайнида халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 50 дан зиёд медалга эга чиқди.

Хусусан, Туркияда ўтган “Ислом бирдамлиги” ўйинларида Ўзбекистон велоспортчилари медаллар сони бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) нинг Осиё қитъаси рейтингида “Tashkent City Women Professional Cycling Team” жамоаси 1-ўринни “Tashkent City Professional Cycling Team” жамоаси эса қитъада 3-ўринни эгаллади.

Бу ҳақда мамлакатимизда велоспортни янада ривожлантириш бўйича Республика кенгашининг иккинчи йиғилишида айтиб ўтилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси, мамлакат  велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева олиб борган йиғилишда спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, велоспортни ривожлантириш бўйича Республика кенгаши аъзолари, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари, иштирок этди. 

Унда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижроси, велоспорт турларини аҳоли ўртасида оммавийлигини ошириш, миллий терма жамоа аъзоларини Осиё ва Пара Осиё ўйинларида, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ҳамда бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиши, юқори натижаларга эришишини таъминлаш каби бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. 

Юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида пара велоспорт турлари оммавийлигини ошириш ҳамда иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда саралаш бўйича федерация ва Миллий паралимпия қўмитаси билан ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилгани, яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланган ёшларимиз халқаро мусобақаларда ўз иқтидорларини кўрсатиб, 2022 йили Душанбе шаҳрида Пара Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллагани алоҳида қайд этилди.  

Президентимизнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.

Велоспортни оммалаштириш борасида ҳудудларда тегишли инфратузилмани ривожлантириш ишлари олиб борилаётганлиги айтилиб, Жиззах шаҳридаги Сангзор кўли ҳудудида дунё андозаларига жавоб берадиган БМХ спорт мажмуаси барпо этилиб, Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) сертификатига эга бўлганлиги эътироф этилди.  

Бундан ташқари, жорий  йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани тоғ ҳудудида халқаро мутахассислар иштирокида велоспортнинг экстремал тури бўйича 5.5 км масофадаги биринчи трасса барпо этилди. Бухоро, Қарши, Навоий ва Термиз Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар ташкил этилди. 

Йиғилишда велоспорт федерациясининг вилоят бўлинмалари фаолияти, уларнинг моддий-техник базасини янада кучайтириш, ҳудудий бўлинмаларга ҳар йили 40 донадан велосипед ажратиш, спортчиларнинг машғулотдаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2 тадан «Дамас» русумли автотранспорт ажратиш ишлари Андижон ва Бухоро вилоятларида эътибордан четда қолиб кетаётгани билдирилди. 

Спорт таълими муассасаларини велоспорт турлари бўйича давлат ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган жиҳозлар билан таъминлаш масаласи, Ўзбекистон велоспорт федерацияси ҳузуридаги Ўзбекистон профессионал велосипедчилар спорт клуби фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.  

Ўз навбатида, велоспорт турларини ҳудудларда ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, истиқболдаги режалар, ушбу спорт турларига ёшларни кенг жалб қилиш, уларни саралаш, профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш вазифалари белгилаб олинди. 

Муҳокамалар якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлардан келиб чиқиб, ҳар бир йўналиш бўйича дахлдор ташкилотларга аниқ вазифалар юкланди.  

Т.Рўзиев, ЎзА