Саудия Арабистонида ўтказилган велошоссе бўйича Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари мамлакатимизга қайтиб келди.
Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон велоспорт федерацияси мутасаддилари, кенг спорт жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали кутиб олди.

Кутиб олиш маросимида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Людмила Макелова спортчиларни самимий муборакбод этиб, уларнинг қайд этган натижаларини алоҳида эътироф этди, келгусидаги халқаро мусобақаларда ҳам спортчиларимиз улкан марраларни забт этишини тилади.
Осиёнинг 25 дан ортиқ мамлакатидан 350 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун кураш олиб борган қитъа биринчилигида ёшлар, U23 ва катталар тоифаларида беллашувлар ўтказилди.
Унда велоспортчиларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 5 та медални қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.
Қитъа биринчилигида қайд этилган натижалар мамлакатимизда велоспортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА