Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Велоспорт: жиззахликлар Ўзбекистон кубоги соҳиби
11:42 / 2024-11-04

Жиззах шаҳридаги велодромда велоспортнинг “BMX-REYSING” йўналиши бўйича катта ёшдаги эркак ва аёллар, ёш йигит-қизлар, ўсмир ўғил ва қиз болалар ҳамда кичик ёшдаги ўғил-қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

Мамлакат кубоги баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган жами 190 нафарга яқин велоспортчи икки кун давомида ғолиблик учун кураш олиб борди.

Биринчи куни “Классик пойга” йўналишида мусобақа ўтказилиб, эркаклар ўртасида ҳам, аёллар ўртасида ҳам ғолиблик Жиззах вилояти вакиллари – Отабек Ибрагимов ва Райҳона Душановага насиб этди.

Ёш йигит-қизлар баҳсида жиззахлик Артур Стрелсов марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келган бўлса, ёш қизлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси вакиласи Гулбаҳор Хожаназаровага тенг келадиган пойгачи топилмади.

Ўсмир ўғил болалар пойгасида Жиззах вилояти спортчиси Асилбек Эргашов, ўсмир қизлар баҳсида Самарқанд вилояти велоспортчиси Жасмина Болиева биринчи ўринларни эгаллади.

Кичик ёшдаги ўғил ва қиз болалар пойгасида ҳам ғолиблик Жиззах ва Самарқанд вилоятлари вакиллари Шаҳзод Қудратов, Гулсанам Самаровага насиб этди.

“Жамоавий пойга” йўналишида бўлиб ўтган иккинчи кунги мусобақаларда барча ёшдагилар ўртасида мезбон – Жиззах вилояти жамоалари шоҳсупанинг энг юқорисидан ўрин олди.  

Умумжамоа ҳисобида Жиззах вилояти велоспортчилари 23 та олтин, 7 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда биринчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди.

4 та олтин, 3 та бронза медали билан Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари иккинчи, 3 та олтин, 1 та кумуш, 4 та бронза медали билан қўшни Сирдарё вилоятидан келган спортчилар жамоаси учинчи ўринга лойиқ топилди.

Ушбу мусобақаларда Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги Республика велоспорт маҳорат мактаби интернати велоспортчилари ҳам жуда яхши иштирок этиб, медалли ўринларни қўлга киритганларини алоҳида эътироф этиб ўтиш лозим.  

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар – Спорт вазирлигининг диплом ва медаллари ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси Жиззах вилоят бўлимининг қимматбоҳо совғалари билан тақдирланди.

А.Қаюмов,

ЎзА мухбири