Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Велосипедда училадими?
19:01 / 2020-12-09

Ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан экани исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Бунинг учун Ўрхун–Энасой битикларидан тортиб, Сармишсой ва Бойсун тоғларидан топилган тошга ўйиб битилган турли суратлару (улар ҳам қандайдир маънони ифодалайди-ку, ахир), инсоният томонидан яратилган илк луғатлардан бўлмиш Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотут-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” ёки Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарларини эслаш кифоя.

Она тилим – олтин сандиғим 

Бизнинг боболаримиз мана шундай дурдоналар яратиб қўйган асрларда ҳозир ўзимиз ўрганишни зўр бериб тарғиб қилаётган тилларнинг аҳволи қандай эди? Бугун ҳам кенг ўрганилаётган ёки инсон маънавий-маърифий дунёсини, тафаккурини бойитишга, демакки, бу ёруғ оламда инсон бўлиб яшаб қолишга хизмат қилаётган бирор асар ёзилганмиди ўша тилларда?

Ҳа, бизнинг жаҳон илм-фани, маърифий-маданий ҳаёти ривожига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимиз бор, деб баралла айтишга ҳақлимиз. Юқорида номлари зикр этилган алломалар ва уларнинг минглаб салафлари бугун ҳам сиз билан биз гаплашаётган тилда ижод қилган, олам ва унинг яратилишидан тортиб, асосий мулоқот воситаси бўлмиш тил ва унинг хусусиятлари, инсонга хос бўлган барча фазилатлару иллатлар ҳақидаги ўз фикрларини шу тилда баён этган. Жаҳон тан олган буюк шоҳлару саркардалар ўзга элларнинг юртбошилари билан шу тилда муомала қилган, фармону ёрлиқларини шу тилда битган. Лекин, не надоматки, ана шундай қадимий ва мўътабар тилимизнинг аҳволи бугун мақтангулик эмас. Ҳозир бунинг сабаблари ҳақида батафсил тўхталиш ниятимиз йўқ, аксинча, тилимизни ўзимиз бузаётганимиз, бошқа тилга хос ифода усулини билиб-билмай турли воситалар орқали шу тилда сўзловчи миллионлаб одамларга тақдим этаётганимиз хусусида айрим мулоҳазаларни билдирмоқчимиз, холос.

Телевидение ва турли интернет сайтларида эълон қилинадиган реклама матнларини ким тайёрлайди, рости билмайман. Ёки айрим сериаллар эфирга узатилишидан олдин биров уни адабий тил нуқтаи назаридан назорат қиладими-йўқми, бундан ҳам бехабарман. Аммо, она тилини замонавий давлатчилик рамзлари қаторида муқаддас деб биладиган бир фуқаро сифатида сукут сақлашни ҳам ўзимга раво кўрмайман.

Масалан, телевидение орқали намойиш этилаётган сериалларда (ҳатто хориж киноларида ҳам) “Велосипедингни бериб тур, мен ҳам бир учай” ёки “Юр, велосипедда учамиз” қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Мен тилшунос олим эмасман, балки таъналарим ноўриндир, хатодир. Шундай бўлса-да, айтмасам бўлмайди.

Бизнинг даврларда велосипед минилар ё ҳайдаларди, зинҳор училмасди. “Учмоқ” феъли ўзи нимани ифодаларкин, деб “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ва яна бошқа луғатларни варақладим. Ҳеч қайсисида велосипедда учиш мумкинлиги ҳақида ҳатто шаъма ҳам учратмадим. Фақат баъзан кўчма маънода тезликни ифодалаш учун қўлланиши айтилган. Мисол учун, “Фалончи велосипедда қушдай учиб ўтди”. Шунингдек, халқ тилида велосипед ёки мотоциклдан “учиб кетибди” деган ибора ҳам борки, бунда кўпроқ тезлик оқибатида уловдан кутилмаганда йиқилиш, ҳатто ростакамига бир-икки метрга “учиб” кетиш назарда тутилади. Албатта, тилимиз хусусиятига кўра, яна бошқа кўчма маънолари ҳам бор.

Луғатларда велосипедни “миниш” ё “ҳайдаш” мумкинлиги қайд этилган. Бизнинг болалигимизда велосипед, мотоциклу мопед деб аталувчи уловлар ҳам минилар ё ҳайдаларди. Унда бу ибора бизнинг тилимизда қаёқдан пайдо бўлди ва қачон оммалашиб улгурди?

Турли телеканалларда берилаётган фармацевтикага оид рекламаларда “Фалончи дорини қабул қилинг”, “Дорини кунига уч маҳал қабул қилинг” деган гаплар айланяпти. Ёки қиш кунлари яқинлашган сари “Иссиқ ванна қабул қилинг”, “Иссиқ ванна қабул қилиб, ўраниб ётинг” қабилидаги тавсиялар кўпайди. Ўзи қайсаргина боламан, “Кел, шуларнинг ҳам сазаси ўлмасин, қабул қилсам, қила қолай, деб бир ҳафта пойладим. Йўқ, дори қурғур қабулимга келмади. Ванна ҳам шундай. Қанчалик интизор бўлиб кутмайин, қабулимга сира келмади.

Келмайди ҳам! Буни ўзбекнинг ёшу қариси – ҳамма билади. Лекин, реклама матнини тайёрлайдиганлар ё ўзбек тилини билмайди ё писанд қилмайди. Хўп, матн тайёрловчилар буни билмас ё она тилини писанд қилмас экан, уни кўриб тасдиқлаб берувчи муҳтарам муҳаррирлар-чи? Улар қаёққа қараяпти? Зинҳор уларни билмайди ё писанд қилмайди дея кўрманг, ишонмайман. Нафақат мутахассис бўлгани учун, балки болалигида улар ҳам, аминманки, велосипедда “учмаган”, дори ё ваннани “қабул қилмаган”.

Тилимиз қонун-қоидаларига кўра, энг муҳими, ўзаро мулоқотда ҳам ҳеч биримиз “дори қабул қилинг”, “ванна қабул қилинг” демаймиз, ҳар тугул, мен эшитмаганман. Шу чоққача қанча дўхтирга борган бўлсам, уларнинг ҳам ҳеч бири “мана шу дорини қабул қилинг” (ўзбек тилида сўзлашувчилари, албатта) демаган, балки “фалон-фалон дориларни кунига шунча маҳалдан ичасиз”, деган. Ишонаманки, сиз ҳам бундай тум-тарақай гапга дуч келмагансиз. Эфирда чиройли кийиниб, табассум билан шуни айтаётган қиз-аёл ёки бола-киши ҳам ўзаро гаплашганда ҳеч қачон бундай демайди. Уйида “болам, кел, шу дорини қабул қил” ёки “терлабсан (совқотибсан) бир ваннани қабул қил”, дейишини тасаввуримга сиғдиролмайман. Ҳаётда айтмайди. Лекин, эфирга чиқиб олиб, миллионлаб одамларга, яъни сизу бизга шундай дейди, дорию ваннани қабул қилдирмоқчи бўлади.

Она тилимиз хусусиятига кўра, дори “ичилади”. Ванна эса “ювинадиган” ё “чўмиладиган” жой маъносини англатади. Буни ҳамма билади. Шунинг учун оддийгина “ванна қилинг” деса, олам гулистон, ёш бола ҳам тушунади. Унда муаммо нимада? Яна ўша гап: ҳамма бало ўзимизда! Аниқроқ айтганда, эътиборсизлигимиз, лоқайдлигимиз оқибати бу. Аксар ҳолларда матннинг асли бошқа тилда тайёрланиши билан изоҳлаш мумкин буни. Чунки рус тили қоидаларига кўра, “Пейте лекарство” ёки “Сделайте ванну” деб бўлмайди. Бу рус тили қоидаларига, хусусиятига мутлақо зид. Шунинг учун улар бундай демайди, кулгига қолишини жуда яхши билади. Нима учундир биз шундай қилолмаймиз, дори ё ваннани “қабул қилинг” дейиш билан кулгига қолаётганимиз ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Нега, нима учун атиги беш-ўн сўздан иборат оддий матн ҳам дастлаб бошқа тилда ёзилиши керак, деган саволни ҳеч қачон ўртага ташламаймиз.

Ҳазрат Алишер Навоий беш ярим аср нари-берисида “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, деганда биз авлодлари шундай лоқайдлик қилишимизни, она тилимизга нисбатан беҳурмат муносабатда бўлишимизни билгандай ёзган экан. Мутафаккир бобомиз “Элга эътиборсизлик” Ватанга, келажакка эътиборсизлик эканини биз набираларига шу тахлит англатиб кетган бўлса, не ажаб.

Ж.Мелиқулов,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

директорининг маслаҳатчиси

ЎзА