Соғлом турмуш тарзи — узоқ ва бахтли умр гарови. Инсон ҳаётида ҳаракат, тетиклик ва фаоллик қанчалик кўп бўлса, унинг кайфияти, иш унумдорлиги ва саломатлиги шунчалик мустаҳкам бўлади.
Шу боис жисмоний фаоллик замон талабига айланиб, инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Сирдарё вилоятида сўнгги йилларда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш ва ёшлар сиёсати тизими ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Эрталабки соғлом юриш”, “Веломарафон”, “Спорт — соғлом ҳаёт асоси” каби тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, инсоннинг саломатлиги кўп жиҳатдан унинг ҳаёт тарзига боғлиқ.
– Ҳафтасига камида икки ярим соат жисмоний фаоллик билан шуғулланган одамларда эрта ўлим ҳолатлари 28 фоизга, юрак-қон томир касалликларига чалиниш хавфи эса 20 фоизга камаяди, – дейди Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Doktor Abdumalik” клиникаси шифокори, невропатолог Аҳрор Йўлжўраев. – Ҳаракат мия фаолиятини фаоллаштиради, асаб тизимини тинчлантиради, инсонда энергия ва ижобий руҳият уйғотади. Энг муҳими — соғлом турмуш катта маблағ ёки махсус шароит талаб этмайди, фақат хоҳиш ва интизом бўлса бас.

Айниқса, велосипедда сайр қилиш — жисмоний фаолликнинг энг қулай ва завқли турларидан бири ҳисобланади. Велосипед нафақат мушакларни мустаҳкамлайди, балки юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди, нафас олишни меъёрга солади, ортиқча вазннинг олдини олади ва стрессдан холи бўлишда ёрдам беради.
Бунинг яққол исботи сифатида “Дўстлик” ордени соҳиби, Оқолтин туманидаги “Олтин мерос” фольклор ансамбли аъзоси ва “Эъзозли аёллар” спорт тўгараги раҳбари, 70 ёшли Ҳабиба Мирзаевани мисол қилиш мумкин. У 20 йилдан буён велоспорт билан мунтазам шуғулланиб келади.

– Велосипед мен учун нафақат спорт воситаси, балки соғлом ҳаёт тарзи рамзидир, – дейди Ҳабиба она. – Ҳар куни эрталаб ярим соат велосипедда сайр қиламан. Бу менга ҳам жисмоний, ҳам маънавий қувват беради. Ҳаракат одамни завқлантиради, кайфиятни кўтаради. Шунинг учун ёшлардан тортиб кексаларгача ҳамма ўз соғлиғи учун ҳаракатда бўлиши керак.
Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи Тожихон Ғаффорованинг таъкидлашича, соғлом турмуш тарзи шахсий эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга йўналиш ҳисобланади.

– Президентимиз фармон ва қарорларида бу йўналишга катта эътибор қаратилган. Жумладан, 2018, 2020 ва 2023 йилларда қабул қилинган ҳужжатларда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, зарарли одатларга қарши курашиш ва соғлом турмуш маданиятини тарғиб этиш вазифалари белгилаб берилган. Бу эса соғлом жамиятни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди у.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоиз экологик муҳитга, 15 фоиз ирсий омилларга ва фақат 10 фоиз тиббий хизматга боғлиқ.
Демак, соғлиқ инсоннинг ўз қўлида. Ҳаракатда бўлган инсон ҳаётда ҳам фаол, руҳан бардам ва энергияга тўла бўлади. Велосайр эса нафақат ҳаракат, балки завқ, шодлик ва узоқ умр манбаидир. Шунингдек, у оилавий мулоқот ва жамоат ҳаётини ривожлантиришда ҳам муҳим восита ҳисобланади — оила аъзолари билан биргаликда дам олиш, табиатга чиқиш ва спорт билан шуғулланиш орқали руҳий қувват топади.
Сирдарёда велоспортнинг оммалаштирилиши, янги велойўлак қурилиши бу турмуш тарзини кенг оммалаштириш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА