Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Веломарофончилар Беруний туманида
05:01 / 2021-06-04

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони қатнашчиларининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Экологик веломарафон якуний босқичида қатнашадиган велоспортчиларни Беруний тумани «Қуйи Амударё давлат биорезервати»да тантанали кутиб олишди.

– Андижон вилоятидан бошланган ушбу марафонга мен Тошкент шаҳридан қўшилдим ва Нукусга қадар етиб келдим, –дейди марафон иштирокчиси Темур Абдуҳакимов.– Велоспорт менинг ҳаётимнинг мазмуни. Усиз бир кунимни ҳам тасаввур этолмайман. Кунига 50-60 километр масофани босиб ўтиб, марафончилар билан охирги манзил Нукусга ҳам етиб келдик. Бизни барча вилоятдагилар кўтаринки руҳда кутиб олиб, кузатишди. Ёшим 19 да келгусида ўз соҳам бўйича жаҳон чемпионати ва олимпияда ўйинларида ғолибликни қўлга киритишни ўз олдимга мақсад қилганман.

Шундан сўнг олимлар, ёш тадқиқотчилар учун ҳам муҳим бўлган ҳудуд – «Қуйи Амударё давлат биорезервати»га саёҳат уюштирилди.

Экологик веломарафон иштирокчилари Беруний туманида жойлашган «Қуйи Амударё давлат биорезервати»да мавжуд ҳайвонот олами, табиати, ўзига хос ўсимлик дунёси билан танишди. Ёш олимлар ҳудуд камчиликларини бартараф этиш чоралари бўйича фикр алмашди. Амударё қирғоғи бўйлаб саёҳатларини давом эттирар экан, сув сатҳининг йилдан- йилга пасайиб бораётгани, буни бартараф этиш усуллари ҳақида ўз таклиф- мулоҳазаларини билдирди.

Маълумот учун: марафоннинг охирги кунида ўтказилиши кузатилаётган анжуманда ана шу мавзулар ҳам ўртага ташланади.

–Қўриқхонамиз қарийб 70 минг гектар ҳудудни ўз ичига олади,–дейди «Қуйи Амударё давлат биорезервати» директори ўринбосари Ақлбек Тўраев. – Ҳудудда илмий ишлар, тадқиқотлар олиб борилади, ноёб ҳайвонлар парваришланади. Йилдан-йилга сув тақчиллашиб бораётгани учун қўриқхона ҳудудини насослар орқали суғориш ишларини амалга оширишни йўлга қўймоқчимиз. Бунда, албатта, олимлар кўмаги ва ҳамфикрлигига эҳтиёж бор. Чунки сувдан муқобил фойдаланишни йўлга қўймас эканмиз, ҳайвонот оламига ҳам, табиатга ҳам катта зиён етказиб қўйишимиз мумкин. Бугун марафонда ирригация соҳасида изланишлар қилаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этиши бизни мамнун этди.

Марафончилар учун Қорақалпоғистон бўйлаб уюштирилган тадбирлар давом этмоқда.

Д. Маматова, ЎзА