Россия-Украина
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили билан Кавказ ортидаги вазият ва Украина зиддияти оқибатини муҳокама қилган. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Президент Режеп Таййип Эрдоған америкалик таҳлил марказлари вакиллари билан учрашувда Украинада тинчлик ўрнатиш масаласида шундай деган:
– Туркия адолатли тинчлик ўрнатиш учун Россия – Украина зиддиятини тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатни давом эттириб, бундан кейин ҳам инқирозга алоқадор барча ҳудудларда мустаҳкам осойишталик ўрнатиш мақсадида дипломатия устуворлигига диққат қилади.
Киев Москва билан музокара ўтказиш учун розилик беришига қарамай, Украинанинг ЕИга кириши учун қандайдир талаб ёки босқичлардан воз кечмайди. Бу фикрни ички бозор масаласи бўйича еврокомиссар Тьерри Бретон билдирган.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянскийга кўра, Президент Владимир Зеленскийнинг Бош ассамблеяда қатнашиши ва нутқ сўзлашидан самара кам бўлади. Шунингдек, у аксарият мамлакатлар Ғарб Киевга қурол-аслаҳа етказиб бераётгани зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кескин халақит беради, деб ҳисоблашини таъкидлаган.
Украина инқирози ядро урушига айланиб кетмаслиги керак. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик ташқи ишлар вазири ўринбосари Тарик Аҳмад баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, “Ўта жиддий ҳолат сақланиб қолмоқда, вазият ядро инқирозига айланиб кетмаслиги керак,бу жараёнда кимёвий, биологик ёки ядро қуролидан фойдаланиш ўта кескин оқибатлар келтириб чиқаради”.
“ARD” телеканалига интервьюсида Бундестаг депутати, мудофаа масаласи бўйича эксперт Родерих Кизеветтер яқин орада Киевга қанотли “Taurus” ракетаси етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинади, дея ишонч билдирган.
Франция ТИВ раҳбари Катрин Колонна мамлакати БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида Украинадан Нигерия ва Суданга дон етказиб бериш учун 40 миллион евро ажратишини маълум қилди.
Украина Шимолий Атлантика альянсига қабул қилиниши мамлакатда демократия мустаҳкамланишига ёрдам бермайди, деди “Politico” нашрига “Eurasia Group Foundation” консталтинг компанияси катта илмий ходими Марк Ханна.
Украина иқтисодиёти хорижий молиявий ёрдам эвазига ривожланмоқда, дея таъкидлади мамлакат собиқ Бош вазири Николай Азаров.У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзган:
– Руминия ва Польшанинг бугунги иқтисодий даражасига чиқиш учун Украинага камида 30 йил керак. Қуролли кучларнинг ёздаги саъй-ҳаракати бардоб бўлди. Ҳужум имконияти бой берилгач, энди мудофаага ўтиляпти. Қарши ҳужумдаги муваффақиятсизлик Зеленскийга жиддий зарба берди. Зеро, Киев нафақат ўз халқидан, балки Ғарбдаги иттифоқдошларидан ҳам керакли дастак ололмади.
Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг фикрича, узоқ давом этадиган жанговар ҳаракат нафақат украиналиклар ғазабини оширади, балки Ғарб ресурсларини ҳам озайтиради. “The Economist” нашрига интервьюсида у “Бизни қай даражада қўллаб-қувватлаши бўйича Ғарбнинг аниқ қарори йўқ”, деган.
Аброр ХОН,
ЎзА